Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ал-хоразмий номидаги урганч давлат университети урганч 2004

Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ал-хоразмий номидаги урганч давлат университети урганч 2004

Дизайн санъати ХХ аср бошларида юзага кела бошлаган, шунинг учун дизайн тарихи узоқ даврларга бориб тақалмайди. Лекин, бизни қуршаб турган турмуш буюмлари, кийим-кечаклар, меҳнат қуролларини қулайлаштириш ва гўзалликка интилишни бизгача бўлган тарихий даврда ҳам кузатиш мумкин, деярлик тошболталарга шакл бера бошлангандан буён. Шундай бўлсада, дизайн санъати ХХ аср бошларида саноат ишлаб чиқаришининг гуркираб ривожланиши билан шакллана бошлаган, деб ҳисоблаш қабул қилинган, чунки ўша даврдан бошлаб ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дизайнига эътибор қаратила бошланган. Замонавий техника санъатдан ташқарида ривожланишни ҳоҳламаган кўринади. Балки инсон доимо гўзалликка интилганлигидандир, ҳаттоки темир терсакка ҳам санъат, маданият нуқтаи назаридан ёндоша бошлаган.

ХХ аср – техника соҳасида туб бурилишлар асри. Шунинг учун ҳам рассом-конструктор-дизайнерлар олдида чиройли, қулай ва чидамли асбоб-ускуналар, механизмлар, транспорт воситалари ва маиший турмушда қўлланиладиган буюмларни оммавий ишлаб чиқаришдек улкан вазифа пайдо бўлди.

Бу борада турли мамлакатларда бир вақтнинг ўзида изланишлар, тадқиқотлар ўтказила бошланди, ғоялар, фикрлар эса атрофда лиммо-лим эди.

Инглиз қиролларидан бири асримиз бошида газлама ишлаб чиқарадиган корхоналарнинг бирига бориб, иш жараёнини кўришга қизиқиб қолади. Корхона хўжайинлари қирол келишига тайёргарлик кўриб, корхонани бироз ободонлаштиришга киришадилар, деворларни бўяб, ранг беришади, асбоб-ускуналарни созлаштириб, ўзгартириш киритганлар. Қирол келиб кетгандан кейин эса, корхона бошқарувчилари меҳнат унумдорлигининг ошганлигини кузатганлар ва ҳайратга тушганлар. Шундай қилиб, бу тажриба эътибордан четда қолиб кетмади.

1919 йилда Германияда «Баухауз» деган олий мактаб очилди, бу ерда лойиҳалаштириш билан бир қаторда амалдаги эстетика асослари ҳам ишлаб чиқила бошлади. Маиший турмуш буюмлари ва архитектура соҳаларида шакл яратиш принциплари устида изланишлар олиб борилди. Бу борада бош қотириш инсонни қуршаб турган бир бутун нарсалар муҳитини мақсадли йўналтириш лозимлиги устида борган.

«Баухауз» мактабининг яна бир яхши томони шунда эдики, у бир вақтнинг ўзида ҳам ишлаб чиқариш устахоналари, ҳам ўқув хоналаридан иборат бўлган. Байналминал таркибга эга бўлган ўқитувчилар гуруҳи ҳам йирик рассомлар ва архитекторлардан ташкил этилган. Рассом-конструкторларнинг янги авлодини етиштириб чиқариш амалиёт билан саноат ишлаб чиқаришнинг узвий алоқадорлигида олиб борилган.

Ижодий ёндошув принципининг ўзи ҳали янгилик эди. Саноат соҳасига пластик санъат асосларини жалб этиш учун талабалар идрок этишнинг, шакл яратиш ва ранг танлашнинг нозик томонларини ўзлаштирар эдилар. Шунинг учун натурага қараб расм чизиш, техник чизмачиликдан ташқари барча курсларда доимий экспериментлар-изланишлар олиб борилган, бунда эса талабалар ритм, гармония, пропорция қонуниятларини (музикада контрапункт, гармония, чолғулаштириш ўрганилганидек) ўрганар эдилар. «Баухауз» талабаси якка предмет устида эмас, балки саноат ишлаб чиқариш учун эталон (андоза, қолип, намуна) яратиш устида иш олиб борган.

изайнерларнинг малакавий тайёргар-ликлари асбоб-ускуналарни, металлга ишлов берадиган технологияларни ва бошқа материалларни чуқур ўрганиш билан мустаҳкамланиб бориларди.

«Баухауз» маҳсулотлари кубизм, бутун шаклларни ўзининг геометрик узунлиги бўйича ёйилиб кетиш каби элементларни жалб этган 20-йилларнинг тасвирий санъати, графикаси ва ҳайкалторошлигининг сезиларли изларини ўзида акс эттирарди. Мактаб остоналарида ёғоч ва металлдан ишлаб чиқарилган буюмлар бир-бирисидан ўта геометриклиги билан ажралиб турарди. Бир шаклдан бошқа бирисига ўтиш имкон борича содда кўринар, барчаси кескин фарқ қиладиган қилиб ва бўрттирилиб кўрсатилар эди.

Дизайнерлар ҳаттоки тасаввур этиш қийин бўлган нарсаларда, яъни идиш товоқларда ҳам турли шаклларни яратиш устида иш олиб борганлар. Масалан, чой қайнатадиган идишлар. Янги кутилмаган ва дадил конструктив ечимларни излаш мебел (уй жиҳозлари) саноатида ҳам зарурлиги сезилган.

Ўқитишдан асосий мақсад саноат ишлаб чиқариш учун техниканинг янги ютуқларини, ҳамда замонавий санъатдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда кундалик ҳаёт учун ҳар томонлама фойдали бўлган нарсалар моделини яратиш ва ишлаб чиқаришдан иборат эди. Албатта, шакл яратишдаги барча жараёнлар саноатлашган технологиялар, замонавий конструкциялар ва материалларга жиддий бориб тақалади.

«Баухауз»нинг ташкил топиши ҳамоҳанг предметлар муҳитини яратиш орқали жамиятни қайта қуриш мумкинлиги тўғрисидаги утопик хаёллар таъсирида амалга оширилган.

«Баухауз» нинг бутун ҳаёти давомидаги фаолияти мақсадга мувофиқ ва чиройли шаклларни яратишга қаратилган эди. Бу изланишлар «Баухауз» услубини яратиш ёки «янги нарсалар дунёсини» яратиш борасида кечарди. Масалан, «Баухауз»нинг энг биринчи мебеллар тўпламига жиддийлик, вазминлик, конструкцияларнинг кенглиги характерлидир.

«Баухауз» саноат учун турли хил предметларнинг намуналарини шакл яратишда янги принципларга тўла жавоб бера оладиган, ҳамда турларга ажратиш ва нормага келтириш талабларига мос келадиган мебеллардан тортиб форфор, газлама, ёритиш ускуналаридан девор гул қоғозларигача етказиб берар эди. Жуда кўп ҳолларда «Баухауз»нинг намунавий маҳсулотлари ҳақиқатдан ўзининг янгилиги, амалий ва эстетик томонларнинг ўзаро мос келиши билан ажралиб турганлиги боис ишлаб чиқаришнинг ўзига самарали таъсир ўтказган.

Шундай қилиб, «Баухауз» ўн уч йил, то 1933 йилга қадар фаолият олиб борди, ҳокимият тепасига фашистларнинг келиши билан у «маданиятга зарарли таъсир»и туфайли ёпиб ташланди. Нисбатан қисқа вақт давомида институт келгусида санъат ва архитектура бадиий ишлаб чиқариш соҳасида муваффақиятли иш олиб борадиган юксак малакали мутахассисларни етказиб чиқаришга улгурган эди.

Кейинги йилларда «Баухауз»нинг таъсири билан нарсаларнинг шакл устида ишлашда асосий эътибор лойиҳаларнинг ўзига қаратилди, уларни амалий ва эстетик сифатларнинг ягона ташувчиси, деб баҳолашга киришилди. Бу анъана ўзининг тўла ифодасини конструктивизм оқимида топди. Нарсаларнинг фойдалилигини, уларнинг амалий томонларини ҳаддан ташқари ошириб юбориш эса функционализм оқимининг пайдо бўлишига олиб келди.

Дизайннинг туғилган вақти 1928 йил, туғилган жойи эса АҚШ, деб тан олина бошланди, чунки бу ерда бир вақтнинг ўзида бир неча дизайнерлик фирмалари пайдо бўла бошлаган эди.

  1. вужудга келиш босқичи – 20 йиллар;
  2. тикланиш босқичи – 60 йиллар;
  3. дизайн ривожланишининг замонавий босқичи.

Кейинги ўн йилликда (1923-1932) руссия дизайнининг ривожланишида ижтимоий-типологик ва амалий-конструктив муаммолар юксак аҳамият касб эта бошлаган. Нарсалар дунёсининг янги образларини яратиш вазифасини тушунганлик билан бир қаторда биринчи навбатга меҳнат, турмуш ва маданият соҳаларидаги умумийликлардан келиб чиқиб предметлар муҳитини яратиш вазифаси илгари сурила бошланган.

20-йилларда руссия дизайнида В.Татлин, К.Малевич, А.Родченко, А.Веснина, Л.Попова, В.Степанова, Л.Лисицкий, А.Экстер ва бошқалар иштирокида оригинал ижодий уюшмалар пайдо бўла бошлади, дипломли дизайнерларни тайёрлаш мактаби (Олий бадиий-техник устахоналарнинг ишлаб чиқариш факультетлари) ташкил этилди.

Москва давлат олий бадиий-техник устахоналари (қисқача – ОЛБАДТЕХУС) 1920 йилларда ташкил этилган эди. 1926 йилда ОЛБАДТЕХУС институтга айлантирилди ва у 1930 йилга қадар фаолият олиб борди. Бу янги ўқув даргоҳида «саноат учун олий малакали рассом-усталар» тайёрланди. Бадиий ижодни пластик санъат асарларини ва бадиий қимматли турмуш ва техника буюмларини яратишни ўз ичига оладиган кенг соҳа сифатида талқин қила бошладилар.

Бу ерда ўқитиш илмий асосда олиб борилди, махсус дастурлар ва услублар ишлаб чиқилди. Ўқув жараёнининг дастлабки икки йили асосий бўлим деб юритилди. Бу ерда талабалар умумий бадиий таълим олдилар. «Фазо», «Ҳажм», «Ранг», «Текисликда графикали конструкция», яъни «Пропедевтика»- (бирор нарса тўғрисидаги дастлабки билимлар мажмуи, кириш курси) каби янги фанлар киритилган. А.Родченко, Л.Лисицкий, Л.Попова ва В.Татлинларнинг ижодий уюшмалари ОЛБАДТЕХУСнинг дизайнерлик тайёрлаш курсларига жуда катта таъсир ўтказган.

Бир гуруҳ архитектор, санъатшунос ва рассомлар ўзларининг санъатини ҳаёт билан, саноат ишлаб чиқариши билан, қолаверса «нарсаларни яратиш» билан қўшилиб кетишга интилдилар, шунинг учун ҳам уларни «ишлаб чиқарувчилар» деб атай бошладилар.

Асосий бўлим талабалари учун ишлаб чиқилган умумий дастурда (1929й) қуйидаги талаблар акс эттирилган эди: барча мутахассисликларда таҳсил олаётган талабаларга синтетик бадиий-ишлаб чиқариш муаммосини ечиш учун зарур бўлган умумий бадиий тайёргарликни бериш; талабаларга фазовий санъат асосида ётадиган формал ва элементар-композицияли муаммоларни ечиш учун зарур билим ва малакани бериш.

Талабаларга бериладиган диплом лойиҳалар мавзулари ҳам турли-туман бўлган: бир шаклдан бошқа шаклга кўчадиган мебел, чироқлар ва ёритгичлар, идиш-товоқ, кийим-кечак, киосклар ва бошқалар. Бунда энг асосий нарса шаклдаги соддалик деб билинган ва у энг янги эстетик идеал деб қаралган.

ОЛБАДТЕХУС ХХ асрдаги бутун жаҳон санъати кўламида шакл ҳосил қилиш ва услуб яратиш ғояларини «урчитиш»нинг муҳим марказларидан бирига айланган.

Шу пайтларда дизайнерлар (ишлаб чиқарувчи-рассомлар, рассом-конструкторлар) предметли-бадиий ижоднинг кенг доирасида иш олиб борганлар, бу эса шу соҳа ичидаги бадиий ғояларнинг сизиб чиқишига, шакл яратиш уюшмаларининг пайдо бўлишига ва оригинал (ҳеч кимникига ўхшамайдиган) асарлар яратишига кўмаклашарди. Масалан, 30-йилларда авиация ривожланишининг таъсирида самолётлар учун зарур бўлган шаклнинг кам қаршиликка учраш ғояси кейинчалик транспортли техникаларнинг бошқа турларига ҳам кириб кела бошлаган. Бу троллебус, автомобил, паровоз ва ҳаттоки болалар аравачаларида ҳам акс этган. Аста-секинлик билан якка ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан оммавий дизайнга ўтиш бошланган: мебел, телефон аппаратлари, ёритқич асбоблар, радиоприёмниклар, телевизор, тикув-машиналари ва бошқалар.

Шундай қилиб, биз юқорида дизайн тарихи билан қискача танишиб ўтдик. Дизайн тарихида ўз ўрнига эга бўлган турли хилдаги қарашлар ва ёндошувлар замонавий анъаналар асосида ривожланаётган дизайнни ҳам тақоза этмоқда, уларнинг ичида энг машҳури саноат маҳсулотлари стайлинги ва уларни комплексли лойиҳалаштириш ҳисобланади.

Стайлинг устида иш олиб бораётган дизайнерлар маҳсулотнинг ички тузилишидаги механизмларни ўзгартирмасдан фақат ташқи кўринишини ўзгартириш ва такомиллаштириш билан шуғулланмоқдалар. Улар нарсаларни шакли ва рангини эстетиканинг замонавий талабларига жавоб бера оладиган қилиб, янада жозибадорроқ қилишга интилмоқдалар.

Нарсаларни лойиҳалаштиришга комплексли ёндошув энг аввало доимийдир, яъни дизайнер бу соҳада асосий йўналишлар ва анъаналарни юзага чиқариш ва уларни бошқа соҳалар билан алоқалари тўғрисида бош қотиради. Масалан, агарда чангютгични лойиҳалаштириш талаб этилса, унда дизайнер олдинги чангютгичларни такомиллаштиришни ўйламайди, балки биринчи навбатда хонадаги чангни қандай қилиб йўқотиш муаммосини ҳал этади. Балки бутун уйда чангни йўқотишнинг марказлаштирилган усулини ўйлаб топар, ёки чангни ютадиган махсус ўсимликлардан ҳосил бўлган қандайдир биологик усулни қўллар.

Бахтга қарши, мавжуд иқтисодий қийинчиликлар туфайли бадиий конструктирлашнинг замонавий принципларини қўллаш жуда қийин кечмоқда. Шундай бўлсада, саноатчилар ва тадбиркорлар ўзларининг ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг рақобатбардошлигига эътибор қаратмоқдалар, бу эса уларнинг замонавий дизайн тўғрисида ўйлашларини ҳам тақоза этмоқда. Бугунги кунда энг талаб этилаётган дизайн соҳаларидан бири-бу графикали дизайн, чунки бу рекламалар яратишда жуда қўл келади.

ТАЯНЧ СЎЗЛАР

Эталон, кубизм, геометризм, модел яратиш, конструкция, конструктивизм, функционализм, пластик санъат, пропедевтика, фазовий санъат, элементар-композицияли, эстетик идеал, оригинал, стайлинг.

  1. Дизайн санъати қачон ва қаерда пайдо бўлган?
  2. Дизайнни ривожлантиришни қандай асосий концепцияларини биласиз?
  3. «Баухауз» мактаби тўғрисида нималарни биласиз?
  4. Мамлакатимиз дизайн тарихидан нималарни биласиз?
  5. Бутун жаҳонда ОЛБАДТЕХУС нинг ўрни қандай аҳамиятга эга?
  6. Ўзбекистондаги дизайн тўғрисида нималарни биласиз?

3 – МАВЗУ. ШАКЛ ЯРАТИШ АСОСЛАРИ

Дизайнер – рассомлар нарса ва предметларни лойихалаштириш устида иш олиб борадилар, улар яратган шакллар эса мўлжалдагига мос келиши билан, инсон гавда тузилишини ҳисобга олган ҳолда қулай, тежамли, ҳам бир вақтнинг ўзида гўзал бўлиши керак.

Шакл – бу бирон бир объектнинг ички тузилиши ва ташқи кўринишларининг бирлигидир. Ёки, предмет ташқи қиёфасининг ички томонига мос келишидир. Шаклда кўринадиган барча белгилар жуда муҳим: геометрик кўриниши (конфигурация), ўлчами, фазода жойлашуви, оғирлиги, фактура (ўзига хослиги), текстура (таркибий тузилиши), рангги, нурсояси ва ҳаказолар.

Конструкция – бу шаклнинг асоси, алоқадаги элемент ва қисмларни бир бутунга бирлаштирувчи каркас, ўзак.

Шакл предмет бажарадиган вазифага боғлиқ. Масалан, қошиқ ейишга мўлжалланган, у қулай бўлиши зарур. Бу демак, у инсон қўлига ва оғзига мослашган бўлиши лозим. Бундан ташқари, у яна гўзал ҳам бўлиши керак. Бундай мисолларни жуда кўп келтириш мумкин.

Дизайнерларнинг кўпгина авлодлари стул шаклини ўзгартириш ва уни такомиллаштириш устида жуда кўп ишлаганлар. Юз йиллар олдин Тонет исмли дурадгор мебел соҳасида ҳақиқий тўнтариш ясади – у дарахтдан букилиб ясалган стулни кашф этди. Бу машҳур вена стули узоқ йиллар мукаммаллик намунаси сифатида хизмат қилди.

Бироздан кейин, бу принцип металлга ҳам жорий этилди. Бунга ёрқин мисол этиб, рус дизайнери В.Татлин ясаган стулни келтириш мумкин.

Дизайнерлар ўзларининг сўнгги лойиҳаларида инсоннинг гавда тузилиши хусусиятларига ва бундан келиб чиқиб на фақат эгни, балки инсон умуртқасининг бел қисмини тутиб турадиган қилиб яратишни лозим деб топдилар. Бунда рассомлар турли хил материаллардан фойдаландилар. Масалан: шундай лойиҳалар ишлаб чиқилган: темир оёқли синтетик стул-раковина, дам бериб шишириладиган стул-кресло, ўтиргичи матодан қилинган ва ёпиладиган стул, новдалардан эгилиб тузатилган стул-кресло-тебрангич, ёғоч-стул-зинапоя, полимер (пластмасса)

материалидан қилинган ҳайвон шаклидаги ёки фантастик жисм шаклида ясалган стул, метал трубкаларидан қайрилиб тузатилган стул, шаффоф нарсалардан ишланган стул ва бошқалар. Энди бошқа нарсалар шаклларини ҳам кўриб ўтсак.

Замонавий авторучкаларнинг шакллари ва конструкциялари қандай хилма-хил, бу жуда қизиқарли. Уларнинг шарикли, гелли, капиллярли ва бошқа турлари мавжуд. Тарихий жараён мобайнида ёзув қуроли шаклининг ўзгаришини кузатар эканмиз, унинг узоқ тарихга эга эканлигини билиб оламиз. Перо (темир уж)нинг узоқ бобокалони хитойликлар томонидан кашф этилган. Улар сиёҳнинг томиши осон бўлиши учун ўткир қилиб йўнилган бамбук дарахтининг таёқчаларидан фойдаланганлар. Бундай перо билан чизилган чизиқ равон ва куч билан босилмасдан ёзилган.

Бундан ҳам чиройли, турли йўғонликдаги чизиқларни бамбукдан ҳам қайишқоқ, махсус йўнилган қамиш пероси ёрдамида ҳам чизиш мумкин. Ҳозирги кунда ҳам араблар ёзув учун ана шундай қамиш перолардан фойдаланадилар. Бу ёзув қуроли арабча қалам деб юритилади.

Кўп асрлар давомида ёзув қуроли сифатида қуш парларидан, асосан ғозларнинг парларидан фойдаланиб келганлар. Улар ёзувларни турли хил босимларда жимжимадор қилиб ёзишга имкон берарди, бу эса сурат чизишда ва каллиграфик (ҳаттотлик, чиройли ёзув, ҳуснихат) ёзувда ҳам жуда қўл келарди. Парлар етарлича қайишқоқ ва юмшоқ бўлгани учун, уларни учини қирқиш ва йўниш осон бўлган.

Перонинг дастлабки тайёр шакли табиатдан олинган ва уни инсон доимо такомиллаштириб келган. XIX асрдан махсус ручкалар ичига киргизиладиган ва улардан фойдаланиш жуда қулай бўлган турли хил ўлчов ва шакллардаги темир перолар кенг тарқала бошлаган.

Кейинчалик перолар механизмга айлана бошлаган ва уни абадий эканлиги тан олинган. Шарикли ручкаларда перо ўрнида махсус паста билан тўлдирилган ва қоғозда тўғри из қолдирадиган, стержен, учида айланиб турадиган кичкина шарикча ишлатилади.

Гелли ручкаларда шарикли ручкаларга қараганда ҳам суюқроқ сиёҳ ишлатилади, стержендан оқиб тушмаслик учун эса орқа томони гел билан тўлдирилиб қўйилади.

Капилляр ручкалар фломастерларни эслатиб туради, чунки улар ҳам махсус сиёҳлар билан аста-секин сўрилиб турадиган зич ва қаттиқ стерженлар ёрдамида ёзадилар.

Шундай бўлсада турли хил конструкцияларга бой бўлган замонавий ручкалар ҳозир ҳам перо деб аталмоқда. Эҳтимол, ғоз парларининг тимсоли ҳали узоқ вақтларгача бадиий илҳом манбаи бўлиб хизмат этар, ёзув машинкалари ва компьютерлар эса қўлёзмаларни кўпайтириш воситаси сифатида эътироф этилар балки, шуни таъкидлаш жоизки, айнан қўлёзма ёзувлар асрлар давомида қайта ишланган ва инсонлар ўртасидаги муносабатларни, уларнинг фикр ва мулоҳазаларини ифодалашнинг муҳим шакли бўлиб келган.

Албатта, бизнинг замонамизда фан ва техникадаги доимий изланишлар инсоннинг турмуш тарзини ўзгартирадиган коммуникация (алоқа)нинг янги шаклларининг пайдо бўлишига олиб келади. Масалан, «Интернет» компьютер тармоғи янада кўпроқ машҳурлик қазонмоқда, чунки бу тармоқ бутун жаҳон ичра персонал (шахсий) компьютерларни бир бутун системага улашга имкон туғдиради.

Шундай бўлса-да, қўл ёзуви ва демак бунга мосланиш ҳалигача бизнинг ҳаётимизда асосий ўринни эгаллаб келмоқда. Демакки, дизайнерларга перонинг янги конструкциялари (тузилмалари) устида ишлашга ва янги шаклларни яратишга имкон етарли.

Янги нарсани яратиш – бу ишлаб чиқаришда кечадиган жуда қийин жараёндир, чунки унда турли касб эгалари – олимлар, мухандислар, дизайнерлар қатнашадилар. Бу жараёнда дизайнернинг роли айниқса жуда катта. У нарсани фақат шакли, ранги ва мутаносиблигини ўйлаш эмас, балки ундан фойдаланиш йўлларини ҳам излаб топиши керак.

Ишлаб чиқариш саноати дизайнерлар олдига жуда мураккаб техник вазифаларни қўяди, уларни ечиш учун эса мухандис ва конструкторларнинг ҳамкорлиги, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини тушуниш талаб этилади.

Дизайнер шакл устида ишлаётганида объектни қандай материалдан яратаётганига ҳам эътибор беради. Чарм, шиша, ёғоч, металл, пластмасса ва бошқа материалларга бадиий ишлов беришнинг муайян анъаналари билан бир қаторда дизайнерлар бутунлай янги усулларни ва материалларнинг янги бирликларини ҳам кашф этадилар.

Шакл бир неча моддий хусусиятлар орқали аниқланади: ҳажми, тузилиши, оғирлиги, зичлиги, мустаҳкамлиги, фазода жойлашиши ва ҳаракатланиш характери билан. Техниканинг замонавий даражага эришиши рассомларга компьютер графикаси ёрдамида янги шаклларни яратишда яқиндан ёрдам беради.

Объектларни геометрик жисмлар ва табиатдан олинган шакллар асосида лойиҳалаштириш мумкин. Дизайнерлар жуда кўп қизиқарли шаклларни табиатдан ўзлаштириб олганлар. Шу туфайли предметлар ва машиналарнинг тузилмалари ўзининг гўзаллиги ва шаклининг мукаммаллиги билан ажралиб туради. Табиий шакллар ёрдамида лойиҳалаштириш фанда бионика деб юритилади. Шундай қилиб, янги образни олдин маълум бўлган объектлардан, уларнинг қисмлари ва бўлакларини ихтиёрий равишда турлича бирлаштириб ҳам ҳосил қилиш мумкин. Қизиқарли томони шундаки, янги шаклни катталигини ошириш эвазига эмас, балки кичрайтириш орқали ҳам ҳосил қилиш мумкин. Бунда ҳам предметнинг ташқи кўриниши топиб бўлмайдиган даражада ўзгариши мумкин.

Шаклларнинг каттаси ҳам, кичиги ҳам баъзида тузилманинг умумий қонуниятларига бўйсунадилар. Шакллар барқарорлик, кучлилик, жозибалик, янгилик, оғирлик, келишганлик, пастбўйлик ва бошқа шу каби таассуротларни уйғотади.

Дизайн объектлари шаклларини таҳлил қилаётиб, қуйидаги томонларга эътибор қаратиш лозим: қандай вазифани бажаришга; предметни нимага мўлжаллаётганини ва инсон эҳтиёжлари билан белгиланадиган ҳар томонлама фойдалигига; материалнинг физик, механик, химик, электрик ва бошқа хусусиятларини билишни талаб этадиган конструктив томонига; юксак бадиий дид талабларига жавоб бера оладиган эстетик томонига.

Шакл ҳосил қилишда фақатгина предметнинг қандай вазифани бажаришига қараб эмас, балки уни қандай ишлатиш хусусиятларига, яъни предметдан қандай шароитда фойдаланиш мумкинлиги ҳам ҳисобга олинади.

Масалан, совутгичларнинг пол устида турадигани, деворда осилиб турадигани, мебель ичига жойлаштирилгани ва бошқа турлари мавжуд. Бу совутгичларнинг барчаси бир хил вазифани бажаради, лекин шакли ҳар хил. Шаклларнинг мос келиши орқали буюмлардан қулай ва хавф-хатарсиз фойдаланишни таъминлаш, унинг инсон билан ўзаро алоқасини ҳисобга олиш дизайнда эргономика деб юритилади. Унинг мақсади «инсон-машина-муҳит» системасида предметлардан самарали фойдаланишни таъминлайдиган бир қатор афзалликларни кўрсатиб беришдан иборат.

Эргономик талабларни ҳисобга оладиган бир неча мисолларни келтириш мумкин: бошқариш аппарати (пульт) тугмачалари, асбобларнинг клавишлари, чашкаларнинг ушлагичлари, креслоларнинг турли шакллари ва бошқалар. Бундай объектларнинг барчаси шундай яратилганки, қўшимча энергия ва куч сарфламасдан улардан фойдаланиш жуда қулай, ҳамда бу предметлар инсон гавдасига ҳам мос тушади.

Шундай элементларнинг энг қулай ва маъқул шаклларини излашда дизайнерлар буюмнинг ишлаш вазифасига қандай боғлиқлиги ва истеъмолчига қанчалик қулайлигини ҳам ҳисобга олишлари зарур. Дизайнер бир неча функцияни бир предметга бирлаштириши мумкин. Масалан, ошхона комбайни, мусиқа маркази, видеоиккилик ва бошқа шу кабилар.

Бу предметларни қўшимча нарсалар билан безатиш мумкин, улар ўзларининг ташқи кўриниши билан кайфиятни кўтариши мумкин, масалан, нақш солинган идиш-уни кўрган меҳмонлар қувонишлари турган гап.

Предметни ва унинг конструкциясини (шаклини) образли ҳал этиш уни қаерда қўйиш ва ишлатиш шароитларига ҳам боғлиқ. Дизайнер нарсанинг қуршовидаги бошқа буюмларни, унинг атроф-муҳит билан услубий бирлигини ҳам ўйлаб кўради, яъни объект бошқа нарсалар билан мос келадими, чеккадан қараганда қандай таассурот ҳосил қилади, барча-барчасини дизайнер тасаввур этиб кўради.

Дизайнернинг ижодий услуби асосида мухандисникидан фарқлироқ равишда бадиий образ ётади. Масалан, дизайнер объектни ҳосил қилаётганда мухандис каби фақат ақлий ва аниқ билимларга таянмайди, балки образларнинг эмоционал (ҳиссий) таъсир этишини ҳам назарда тутади. Тасаввур этинг: тиш даволайдиган врачнинг кабинетига кириб келган касал асабийлашиб бошлайди, чунки бу ердаги муҳит инсонни қўрқувга солади: асбобларнинг тақир-туқури, ялтирашлари, оқ халат ва анжомларнинг хлорли ҳидлари ва бошқалар. Агарда шу асбобларга қандайдир расмларни ёпиштириб қўйса, оқ рангни бошқа бир тинчлантирадиган ва қувонтирадиган рангларга ўзгартирса қандай бўларкан? Албатта, асбобларнинг бажарувчи функцияси ўзгармайди, лекин бундай вазият бошқача таъсир этиши мумкин. Бундай экспериментлар жуда кўплаб ўтказилган.

Дизайнерда объектнинг янги образи ва унинг пластик ечими баъзида техниканинг илғор ютуқлари туфайли ҳам пайдо бўлиши мумкин. Масалан, пухта суперклей кашф этилса, унда унинг озгина миқдори ҳам чироқларни деворларга ва шипларга, жавонларни ва илгакларни деворларга, зарур предметларни полга ёпиштиришга етарли бўларди.

Шундай қилиб, дизайнер, янги шаклни ҳосил қилар экан, нарсанинг қандай вазифани бажаришини, унга қўйиладиган эргономик ва эстетик талабларни, уни қаерда қўйиш ва ишлатиш шарт-шароитларини, шунингдек материални ва ишлаб-чиқариш технологиясини ҳисобга олади. Дизайн соҳасида шакл яратиш ва уни жорий этиш энг муҳим ва мураккаб жараёндир.

ТАЯНЧ ТУШУНЧАЛАР:

Шакл, конфигурация, фактура, текстура, конструкция, каллиграфия, коммуникация, персонал, бионика, эргономика.

  1. Шакл нима?
  2. Шаклнинг қандай белгиларини биласиз?
  3. Авторучкалар тарихини биласизми?
  4. Бионика нима?
  5. Дизайнер шакл яратишда нималарга эътибор бериши керак?
  6. Эргономика нима ва уни дизайнга қандай алоқаси бор?

4 – МАВЗУ. ДИЗАЙНДА РАНГ ТАНЛАШ

САНОАТ МАҲСУЛОТЛАРИДА АКС ЭТАДИГАН РАНГЛАР

Ранглар билан ишлаш (колористика) асосан тасвирий санъат соҳасида кенг тадқиқ қилинади, лекин дизайнда ҳам ранглар билан ишлаш, объектларда ранг танлаб билиш муҳим аҳамиятга эга. Тасвирий санъатда ранглар реал дунёни тасвирлаш учун зарур бўлса, дизайнда эса амалий ва эстетик жиҳатдан кўзларни қувонтирадиган бир бутун рангли муҳитни ҳосил қилиш учун керак бўлади. Шунинг учун ҳаётимизда бизга доимо зарур бўлган саноат маҳсулотларининг ранг-туси, белгилари, улардаги рангларнинг хилма-хиллиги ва баъзида қарама-қаршилиги (оқ-қора, қизил-сариқ ва ҳакоза), умуман ранглар муҳитидаги уйғунлик тўғрисида билимлар зарур бўлади. Шу билан биргаликда дизайн тилининг ўзига хосликларини, қандай материаллар ва воситалар ёрдамида унинг объектларини ҳосил қилиш мумкинлигини ҳам ўзлаштириб олиш мумкин.

Дизайнда ҳам санъатнинг декоратив-амалий туридагидек, асосий эътибор рангларнинг шакл ва предмет функцияси (вазифаси) билан ўзаро алоқадор эканлигига қаратилади.

Шуниси жуда қизиқки, ранглар инсоннинг ҳиссий дунёсига (ички руҳиятига) жуда катта таъсир ўтказади. Айнан инсон ўзига костюм, турмушда ишлатиладиган буюмлар ва яшаш жойларини кўркамлаштиришда нарсаларни танлаётганида биринчи навбатда рангига қараб танлайди, айтиш мумкинки, инсон доимо ранг танлайди. Бу тасодифий ҳолат эмас, чунки бизни қуршаб турган ранглар муҳити на фақат инсон кайфиятига, балки унинг ҳол-аҳволига ҳам жуда таъсир этади. Эътибор беринга, ранглар баъзида чарчатиб юбориши, баъзида одамларнинг ғашини келтириши, баъзида эса руҳлантириб туриши мумкин, Масалан, очиқ ранглар қувноқ кайфият ҳосил қилади, шунинг учун бундай ранглардан болалар учун тайёрланадиган кийим-кечаклар ва оёқ кийимларга ишлатилади. Яна шуниси маълумки, айнан ранглар буюм ва предметларга бўлган муносабатни шакллантиради.

Дизайнер фактура (предметнинг ўзига хослиги) хусусиятларидан келиб чиқиб, рангларни турлича қабул қилинишига эътибор бериш зарур. Агарда устки қисми силлиқ, ёки дағал, ёки қиррали бўлган нарсаларни бир хил рангга бўялса, унда ҳеч қийналмасдан кўриш мумкинки, бир жойлар очиқ, бошқалари эса тўқроқдек туюлади. Шунинг учун турли хил фактура ва текстуралардан келиб чиқиб рангларнинг ўзгаришини нарсалар сиртларининг нур акс эттирувчи ва нурқайтарувчи хусусиятлари билан боғлиқ эканлигини ҳисобга олиш зарур.

Нарсалар муҳитининг ранглар ва пластик жиҳатдан уйғунлигига материалнинг физик хусусиятларини ҳисобга олмай эришиб бўлмайди: фактура-предметнинг ташқи хусусиятлари (силлиқ, дағал, ялтироқ) ва текстура – ички тузилиши ( ёғоч, металл, шиша, пластика).

Гоҳида дизайн объектининг бадиий образи турли хил материалларни (ёғоч, металл, шиша, фарфор, пластика, қора лак, эмаллар) солиштириш орқали пайдо бўлади.

Дизайнерлик фаолиятининг ўзига хослиги фақат текисликда жойлашадиган эмас, балки ҳажмли-фазоли композицияларида ҳам ранглар билан «ишлаш»ни ўрганиш зарурлигини тақозо этади. Шунингдек, дизайн объектларида иш олиб бораётганда рангларнинг фазовий кенгликда ўзгарувчанлигини ҳам ҳисобга олиш лозим. Фазовий кенгликда рангларнинг ҳаракатланишини намоён этмоқ визуал коммуникация (кўз орқали қабул қилиш) воситаси бўлиб хизмат этади.

Ҳажмли ва текис тузилмаларда шаклланадиган кенгликни қабул қилиш маданияти ранглар маданияти билан бевосита боғлиқ. Рангларни ўзгартириш визуал шаклларини ва кенгликни маълум бир йўналишда ўзгаришга имкон яратади. Полихромия (ранглар кўплиги) шаклни геометрик кўринишини бир зумда ўзгартира олиш хусусияти уни шакл ҳосил қилишга қаратилганлигини билдиради.

Модадаги маълум йўналишлар, техника ва конструкциялаш соҳасидаги имкониятлар саноат маҳсулотлари дизайн рангига албатта таъсир ўтказади.

Интерьерлар учун ранг танлаш

Интерьерларни композициялашда (тузатишда) дизайнерлар ранглар уйғунлиги (гармония) қонунларига, рангларнинг кўриниш хусусиятларига таяниб иш олиб борадилар. Ранглар тўғрисидаги билимлар дизайнерларга интерьерларни, биноларни, атроф-муҳитни меъморий қиёфасини ҳосил қилишда кўмаклашади.

Бизнинг атроф-муҳитни сезиш ҳиссиётларимиз англанмаган ҳолда табиатга йўналтирилган бўлади. Биз атрофни кузатар эканмиз, бошимиз узра осмон тип-тиниқ, ёруғ, оёғимиз тагидаги ер эса қора. Шунинг учун бўлса керак, биз ўзимизни яхши ҳис қилишимиз учун хоналарда шифтларни ёруғроқ, очиқ, полларни эса қорароқ рангларга бўяшга одатланиб қолганмиз. Агарда шу тахлитда ёндашиладиган бўлса ва турли хил рангларнинг инсон ҳис-туйғуларига таъсир этишини тўла англаб етилса, унда хонадаги нотартиблиликни бемалол ўзгартиришга киришилса бўлади.

Хонага қадам босаётиб, биринчи навбатда кўзимиз полга тушади, кейин эса юқорига қараймиз ва деворларни кузатамиз, охирги нуқтада кўзимиз шифтларга тушади. Бундай кетма - кетликдаги қарашларимиз интерьерларни рангли ҳосил қилишимизга ҳам таъсир этиши мумкин.

Буни бир неча мисолларда кўриб чиқамиз. Потолок (шифт), пол ва деворларга ранг танлаётиб, дизайнер қуйидаги қоидаларга амал қилади.

• Қора ранглар хонани кичкина, шифтни эса паст қилиб кўрсатади.

• Очиқ ранглар хонани оптик кенгайтиради, яъни хона кенгдек, шифт эса баланддек туюлади.

• Совуқ зангор ранглар хонани кенг кўриндиган қилади. Деворлар ва шифт оптик кенгаяди.

• Илиқ ранглар ичида қизил рангнинг аниқ кўриниши бизга яққол туюлади. Илиқ сариқ ранглар эса қизил рангларга нисбатан тажовузкор эмас.

• Кўз қиримиз даражасидаги рангдор декоратив бордюрлар (девор ҳошияси) эътиборни жалб этади ва деворлардан кўз узолмай қолиш мумкин.

Нақшлар ҳам интерьерларнинг фазовий носозликларини ўзгартириши мумкин. Гул қоғозлар, пардалар, пол устига тўшаладиган паркет, гиламларнинг гулларини танлаётиб, дизайнер қуйидаги қонуниятларни назарда тутиш лозим:

• Йирик расмли гулқоғозлар (обойлар) хонани оптик торайтиради.

• Гул қоғозлардаги майда гуллар хонани кенг қилиб кўрсатади.

• Девордаги кўндаланг чизиқлар хонани кенгайтиради, лекин паст қилиб қўяди.

• Тик (вертикал)чизиқлар деворни узайтиради, хона эса баланддек кўринади.

• Полдаги узун чизиқлар хонани узайтиради, чизиқлар қанчалик кенг бўлса, шунчалик хонанинг ранги ойдинлашади.

• Полдаги кўндаланг чизиқлар хонани оптик кенгайтиради, лекин бўйига пасайгандек кўрсатади.

Интерьерларга ранг беришнинг яна бир неча мисолларини кўриб ўтиш мумкин, бунда пол учун мўлжалланадиган ранглар қуйидагича кўриниш бериши мумкин:

• Полдаги қизил ранг унинг барча турлари текисликни ётиқ (горизонтал) шаклда ифодалайди, жуда фаол рангли муҳитни ҳосил қилади, пол пастдан итариб тургандай сезилади.

• Полдаги сариқ ранг ва унинг барча турлари хонани қувноқ ва қуёшдай ёруғ кўрсатади, лекин очиқ ранглар оёқ тагини мустаҳкам эмасдай кўрсатади.

• Полдаги кўк ва зангори ранглар ҳар хил таассуротларни ҳосил қилади. Кўк ранг тўқ ранглар каби зангорига қараганда полга жуда мос тушади. Лекин бир пайтда очиқ зангори ранглар хонани каттароқ ва кенгроқ қилиб кўрсатади.

• Полдаги япроқ ранг ва унинг барча турлари ердаги кўм-кўк ўтлоқни эслатади, шунинг учун бундай пол устида юриш ёқимли таассурот ҳосил қилади.

Интерьерларга ранг беришда фақат табиатдан тақлид қилиб олинган ранглар эмас, балки интерьернинг нимага мўлжалланаётгани, хоналарнинг жойлашуви, уларнинг ёруғликка йўналтирилганлиги ҳам муҳим роль ўйнайди. Масалан, болалар хонасига рангги ва расмлари билан тушадиган гул қоғозлар, меҳмонхонага ёки офис учун тўғри келмайди. Қуёш тушиб турадиган хонага совуқроқ рангларни танлаш тавсия этилади, қуёш тушмайдиган ёки кам тушадиган хоналарга эса очиқ ва илиқ рангларни танлаш зарур. Интерьер учун у ёки бу рангни афзал деб билиш унинг хўжайинининг диди ҳақида кўп нарсаларни билдиради.

Ранглар билан ёки ахроматик (шишаларнинг нурни ажратмасдан ўтказиш хусусияти) бойитилган, экологик тоза муҳитни ҳосил қилиш ва асраш воситаси сифатида ранглар жуда муҳим вазифани бажаради. Дизайн объектларини қуршаб турган муҳит билан биргаликда ранглар ҳамоҳанглигига эришиш, бинонинг интерьер ва экстерьерларининг рангини мақсадга муофиқ йўналтириш, шаҳар ва қишлоқларнинг бир бутун рангли муҳитини шаклланишига ва инсоний муносабатларининг уйғунлашувига олиб келади. Бу борада дизайнерлар амалий ва эстетик жиҳатдан мукаммал рангларга бой бўлган муҳитни яратиш устида жуда кўп ишларни амалга оширадилар.

Таянч тушунчалар:

Колористика, фактура, текстура, визуал коммуникация, полихромия, бордюр, декоратив-амалий санъат, визуал муҳит.

  1. Дизайнда ранглар нима учун зарур?
  2. Ранглар дунёси инсонларга қандай таъсир этади?
  3. Полихромия нима?
  4. Дизайнер интерьерларни безатишда нималарга эътибор бериш зарур?
  5. Ранглар хусусиятлари тўғрисида қисқача гапириб беринг.
  6. Рангларнинг саноат маҳсулотларига қандай таъсири бор ?

Дизайнда композицияни маҳсулотларнинг шакли, интерьерлар ва бошқа фазовий объектларни уйғунлаштириш жараёни сифатида қараш мумкин, чунки уларда шаклларнинг барча хусусиятлари акс этган бўлади ва бир бутунликка келтиради:ўлчови, пропорцияси (мутаносиблиги), ритмик тузилиши, фактура, ранг ва бошқалар.

Композициянинг барча қоидалари, усул ва воситалари кўринишни ҳосил қилишда зарур деб ҳисобланса, худди шу нарсалар дизайн объектларига ҳам хосдир. Дизайнер лойиҳалаштираётганида уларнинг ҳажми ва маромига (ритмига), шаклнинг статикаси (мувозанати) ва динамикасига (ўзгариш сурати) қараб, композициядаги мувозанатни ифодалашга эришади, контраст (кўзга ташланадиган кескин фарқ) ва нюанс (сезилмайдиган фарқ)ларни кўрсатишга ҳаракат қилади, бир вақтнинг ўзида бир ёки бир неча композиция марказларида иш олиб боради.

Композициянинг асосан икки тури мавжуд: фазоли-ҳажмли ва текис композиция. Композицияни ифодалашнинг муҳим воситалари – ҳажм, фазо, структура ва тектоника (қисмларнинг ўзаро жойлашиш тартиби), масштаб (кўлам), мутаносиблик, ритм (маром) ва метр, контраст ва нюанс, симметрия ( мос тушиш) ва ассимметрия (номутаносиб), ранг ва бошқа шу кабилар ҳисобланади.

Дизайнерлик композициясида энг асосий вазифани олтин кесим принципи бажаради. Кўпчилик текис ва фазоли-ҳажмли композициялар айнан шу принцип асосида юзага келтирилади. Бундан ташқари дизайнда композиция учун бир бутунлик, очиқлик (аёнлик) ёки ёпиқлик (яширилганлик) ўта муҳим. Нима учун, чунки бу билан композициянинг жозибадорлиги янада ошиши мумкин.

Композициянинг муҳим категорияларидан предмет шаклининг унинг ички тузилиши ва ташқи кўриниши билан мос тушадиган ҳолда эстетик тушунилган алоқадорлик ҳисобланади, буни дизайнда фазоли-ҳажмли тузилиш деб юритилади. Бунга эса дизайн соҳаларининг ҳар бирига хос бўлган воситалар ёрдамида эришилади. Бироқ қандай объект ҳосил қилинаётганидан қатъий назар-реклама плакатими ёки идиш – товоқ тўплами (сервиз), кийим моделими ёки асбоб-ускуна, транспорт воситасими ёки интерьер- дизайнер қисмларнинг ва бутуннинг ҳамоҳанглиги, ўзаро мутаносиблиги, композициянинг бир бутунлиги тўғрисида бош қотириши керак бўлади.

Моддий шаклнинг кучли таъсир этиш даражасини бадиий-англанган ифодаси тектоника деб аталади.

Шуниси қизиқарлики, битта шаклнинг ўзидан статик ва динамик, юқорига ёки энига чўзилган, ёрқин ифодаланган ритм билан ёки у сиз бўлган композицияларни ҳам яратиш мумкин. Бир хил элементларнинг ўрин алмашиши натижасида ҳосил бўладиган шаклнинг тузилиши метрик деб юритилади. Элементларнинг бир меъёрда тезлик билан ёки секин-аста алмашиши натижасида ритмик қатор пайдо бўлади. Бу иккала қаторни солиштирганда ритмик қатор метрик қаторга қараганда ҳаракатчан, кучлироқ ва қизиқлироқдир. У кейинги ривожланишга имкон яратади ва айнан шунинг учун ҳаракатни ифодалаш сифатида дизайнерлар томонидан кенг қўлланилади.

Дизайнда композициянинг усул ва воситалари кўп ҳолларда танланган материалга ва ишлаб чиқариш технологиясига боғлиқ бўлади. Масалан, қурилманинг (объектнинг) енгиллигини кўрсатиш учун юқорига йўналтирилган пардадек юпқа, нозик конструкциялар қўлланилади. Темир бетонга ўхшаш бошқа бир материални қўлланиши эса умуман бошқа композицияли объект тузилишини талаб этади. Идишларга замонавий кўриниш бериш фақат полимер материаллардан фойдаланиб яратишни эмас, балки уларнинг тузилишини масалан геометрик жисмлар асосида, уларнинг ўзаро киришиши шаклида ҳам ҳосил қилиш мумкин. Ёғочдан ясалган эски шкаф очиб – ёпиладиган кўп эшикчалардан иборат кичкинагина уйга ўхшаб кетса, эндиги замонавий шкафлар катта эшиклик, чапга-ўнгга эркин ҳаракатланадиган, ёғочдан ёки пластик материаллардан қилинмоқда. Бундай конструкция бир шаклнинг ўзида ҳам китоблар учун, ҳам кийим-кечаклар учун жавонларни бирлаштиришга имкон туғдиради, шунингдек дазмоллаш тахтачаси, дазмол, чанг ютгич ва бошқа уй жиҳозларини жойлаштиришга ҳам ўрин қолади. Шундай яратилган шкафлар ҳозирги замонавий, бироқ тор квартираларга жуда мос тушади.

Дизайн объектларининг композицияси предметни ҳосил қиладиган қисмларнинг, ҳамда унинг қуршовидаги нарсаларнинг ўзаро уйғунлигига эришишдир, деб тушунилса, унда табиий ҳолатда уларнинг қайси услубга хослиги тўғрисида савол туғилади. Бу борада маданият тарихида бўлиб ўтган энг ёрқин услубларни эслаш мақсадга мувофиқ. Қадимги Мисрда, Қадимги Юнонистон ва Римда архитектура ва нарсалар муҳити ўзаро уйғунликда яратилган. Интерьерларнинг, кийим-кечак, мебел, идиш ва бошқа маиший турмуш жиҳозларининг шакли ва безакларига қараб уларнинг қайси услубда яратилганлигини билиб олиш мумкин. Готика, ренессанс, барокко, классицизм ва модерн маданиятларининг моддий яратилган буюмларининг ҳар бирига ўзгача услубий бирлик характерлидир.

Замонавий интерьерлар, кийим-кечаклар, идиш-товоқ тўпламлари (сервизлар) турли хил тарихий услублар асосида яратилиши мумкин. Худди шу вақтнинг ўзида дизайн объектларининг услубий бирлиги кенгроқ тушунча ҳисобланади, балки готика, барокко ёки кубизм услубларига содда тақлид эмас. Қандайдир бир интерьернинг барча предметлари ўзаро уйғун ва бирликда эканлиги тўғрисида гапирилганда уларнинг шакли, мутаносиблиги, вазни, ранги ва безакларининг ўзаро ҳамоҳанг эканлиги назарда тутилади.

Шуниси қизиқарлики, интерьерларнинг эклектика (қоришиқлик)га асосланиб қурилган композицияси жуда муваффақиятли чиқиш мумкин, яъни турли хил услубларнинг бир текисликда акс эттирилиши туфайли.

Дизайнда услубни танлаш кўп ҳолларда асосий вазифани бажаради, ижодий йўналишни белгилайди, масалан, «хай-тек» услуби объектнинг амалий томонларини, вентилляция ва бошқа шунга ўхшаш тарафларига урғу бериб кўрсатиш орқали лойиҳалар ҳосил қилади.

Интерьерлар композициясининг кўзга ташланиши унинг ҳар томонлама рангларни танлаб билинганлиги, кенгликни ритмик ташкил этилганлиги, танланган материалларнинг текстура ва фактураларининг ранг-баранглиги, мебелларни тўғри танланганлиги ва ёритилишини ўйлаб қилинганлиги эвазига эришилади.

Бундан ташқари маданият тарихини, экологияни чуқур билиш дизайнерга «инсон-муҳит» йўналишидаги ўзаро муносабатларни юқори бадиий даражага кўтаришда ёрдам беради. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, дизайнерлик композицияси инсонларнинг қабул қилиш хусусиятларини ва образларнинг уларнинг ҳис-туйғуларига эмоционал таъсир этишини ҳисобга олган ҳолда яратилган бўлсагина ҳақиқатдан самарали ва муваффақиятли чиқиши мумкин.

ТАЯНЧ ТУШУНЧАЛАР:

Композиция, пропорция, ритм, «олтин кесим» принципи, статика ва динамика, контраст ва нюанс, тектоника, симметрия ва ассимметрия, метрик ва ритмик қатор, эклектика, текстура ва фактура.

ТАКРОРЛАШ УЧУН САВОЛЛАР:

  1. Композиция ўзи нима?
  2. Дизайн объектларини лойиҳалаштиришда композициянинг қандай усул, воситалари ва қоидаларидан фойдаланилади?
  3. Композициянинг қандай турлари мавжуд?
  4. «Олтин кесим» принципи композицияда қандай аҳамиятга эга?
  5. Тектоника деб нимага айтилади?
  6. Композиция яратишда услубнинг қандай аҳамияти бор?
  7. Маданият тарихида қандай услублар бўлган?
  8. Дизайнерлик композицияси қачон самарали чиқиши мумкин?

2 – БОБ. ДИЗАЙН МАКТАБИ

1–МАВЗУ. ГРАФИК ДИЗАЙН БЎЙИЧА ВАЗИФАЛАР УСТИДА ИШЛАШ УСЛУБИЁТИ

График дизайннинг асосини шрифтлар ҳосил қилади. Улар визуал маданиятни шакллантиради ва атрофни тартибга келтиради, десак муболаға бўлмайди. Бу борада янги шрифтларни ҳосил қилувчиларга энг юқори малакавий талаблар қўйилади.

Шрифтли ишларни бажаришнинг жуда кўп технологик усуллари мавжуд. Шрифтларни ҳосил қилишда уларнинг катта-кичиклигига қараб турли хил плакат пероларидан фойдаланилади, шунингдек ҳарфларни чиройли шаклда чиқариш учун «рондо» типидаги перолардан, турли ўлчовлардаги чўткалардан, рангли ва қора тушлардан, гуашли, темперли (тухум сариғидан тайёрланадиган) ва ёғли бўёқлардан ҳам кенг қўлланиланади.

Ҳозирги пайтда замонавий технологиялар катта шуҳрат қозонмоқда: фоторепродукция (фотонусха кўчириш)ни қўллаш орқали сарлавҳаларни алоҳидаги комплектлардан ёпиштириш, трафарет ва летросетлардан фойдаланиб шрифтли композицияларни яратиш мумкин бўлмоқда, бу эса жараённи аҳамиятли даражада енгиллаштиради, ёзувларнинг юксак графикали сифати декалькомания (қоғоздаги рангли расмни ойна, чинни ёки ёғоч буюмларга тушириш) усулини таъминлайди. Шундай бўлсада, бу усулларнинг барчаси етарли даражада меҳнатталабдир.

Стендларни безатишда плакат шрифтларининг штампланган кассеталаридан фойдаланилади, бу қисқа вақт ичида юксак сифатли ёзувларни бажаришга имкон яратади. Бироқ бу кассеталар жуда кўп жойни эгаллайди ва у ёки бу шрифтни танлаш имкониятларини қисқартиради. Нархи баланд бўлсада энг истиқболлиси компьютер графикаси ҳисобланади. Компьютер жуда тез, аниқ ва турли хил шрифтли композицияларни ҳосил қилишга, турли комплектлардан фойдаланишга, рангини ва ўлчовларини ўзгартиришга, ёзувларни нусхалашга имкон яратади. Бундан ташқари, махсус мосламалар ёрдамида ёзувларни кўринадиган ва ўзи ёпишадиган тасмаларга чоп этиш ва ҳаттоки ҳарфларни қирқиб олиш ҳам мумкин бўлади. Дизайнерга фақат уларни ажратиб олиб, керакли жойларга ёпиштириш қолади, холос.

Одатда графикали кўргазма учун турли хил техник усуллардан фойдаланиб шрифтлар ҳосил қилинади. Жорий эълонлар учун эса қоидага кўра қўлбола шрифтлар ишлатилади. Улар техник воситалар ёрдамида ҳосил қилинган шрифтларнинг жиддийлигини юмшатиб кўрсатиши мумкин, бироқ бу экспозиция (кўргазмага қўйилган материал)нинг бадиий концепцияси билан оқланиши зарур.

Шунингдек, пенопластдан, оргстеклодан, пластикадан, ёғочдан, металлдан, қоғоздан ва бошқа материаллардан бўлган ҳажмли шрифтларни ҳам ишлатиш мумкин. Баъзида шундай усул билан олдиндан ёпиштирилган ёзувлар чекка қисмдан ёки нур тарқоқлигида суратга туширилади ва шу йўл билан катталаштирилади. Дизайнер меҳнатини енгиллатиш учун расмларни тайёрлашда ва матн ёзишда проектор хизматидан фойдаланса ҳам бўлади.

Биттагина экспозициянинг графикали ҳосил қилишда одатда шрифтли гарнитурларнинг чекланган миқдоридан фойдаланилади. Бу эса дизайнерга шрифтли безатишни бир усулда амалга оширишга ёрдам беради. График ранг-барангликка эришиш учун шрифтларни модификациялашни (кўринишни ўзгартириш) амалга оширилади, яъни асосдаги шрифтга янги шрифт кўриниши берилади ва бунда асосан қуйидаги вариантлардан фойдаланиш мумкин: ҳарфларни соя бериб, яққол ифодаламоқ, ҳарфларни контуридан айлантириб чизиб чиқиш; турли ўлчовлардаги айланган ёки тўғри чизиқларни қўшиш, ҳарфларни ҳажмли сояси тушган ҳолда ёзиш ва бошқалар. У ёки бу модификацияни ишлатаётиб, турли хил ўхшатишлар орқали томошабинга психологик таъсир ўтказиш мумкин: оғирлик ёки енгиллик, жиддийлик ёки серҳашамлик, қадимий ёки замонавий, иллюзорлик (сирлилик) ёки моддийлик. Образ (яратилаётган нарса) билан танишув пайтида вазифани у ёки бу шрифт орқали ифодалашга ҳаракат қилинг. Баъзида, мавзунинг ўзи у ёки бу шрифтни танлашни кўрсатади.Стенд ёки реклама тайёрлаш технологияси кўп ҳолларда бу йўналишда дизайнернинг конкрет йўлини белгилаб беради. Шрифтни танлашда корхонанинг имиджи ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шрифтли композицияни бажаришнинг услубий кетма-кетлиги зарур форматни ахтаришдан бошланади, кейин ёзувнинг умумий жойлашиши, кўриниши ва шрифтнинг катта-кичиклиги аниқланади. Ишни ҳарфларнинг алоҳидаги элементларини ёзишдан бошлаш мақсадга муофиқдир: тўғри ва қия таёқчалардан, кейин О ҳарфини ва бутун алфавит бўйича давом эттирилади.

Шрифтни қўлда ёзган пайтда ҳарфлар ўртасидаги интервалларни шундай танлаш зарурки, бунда улар сатрда бир текис жойлашгандай кўриниши керак. Ҳарфларни туташтирувчи горизонтал (ётиқ) устунларни сатрнинг аниқ ўртасига жойлаштириш тўғри келмайди. Бунда шрифт ўзининг жозибадорлигини ва енгиллигини йўқотади. Масалан, В, Б, Е ва бошқа ҳарфларни туташтирувчи чизиқларни шундай жойлаштириш зарурки, бунда улар оптик ўрта чизиқ устидан бўлиши керак, А ҳарфиники эса оптик ўрта чизиқдан пастда бўлиши керак.

Ёғочдан ўйиб тузатилган шрифтларда ҳарфларнинг барча элементлари бир хил йўғонликда бўлади, бироқ горизонтал элементларни вертикал элементлардан нозикроқ қилиш керак, бунда шрифт енгилроқ ва чиройлироқ кўриниши мумкин.

Шрифтнинг бадиий образи (кўриниши) – бу ижодкорлик маҳсулидир, у чизиқларда, бўёқларда, пластик шаклларда, ҳамоҳангликда ва ўхшатишликда ҳосил қилинадиган образларни яратиш жараёнларини ўз ичига олади. Дизайнер у ёки бу техникада бажарилган замонавий шрифтларга бўлган талабларни чуқур ҳис қила билиши лозим, мутаносиблик, мувозанатлилик, ритм, ранглар уйғунлиги ва бошқа нарсаларни ҳис қила билан ҳолда бадиий ифодалаш воситаларини эркин амалга ошира билиши лозим.

Корхонанинг график услубини яратиш жараёнида дизайнерга фирма белгиси (логотипи), фирма блокига шрифтларни танлаш, график рамзлар, фирма рангини танлаш, буклетларни, рекламаларни безатиш билан боғлиқ бўлган кенг доирадаги масалалар билан тўқнашишга тўғри келади. Шунингдек, фирма блокига сўзлардан ташкил топган фирманинг доимий реклама шиорини ҳам киритиш қабул қилинган. Товар белгиси фирма услубининг энг муҳим элеметларидан ҳисобланади. Бунда эса шрифтнинг услубий ва композицион бирлигини ва уни тасвирлаш вазифасини ечишга тўғри келади.

ТАЯНЧ ТУШУНЧАЛАР:

Фоторепродукция, трафарет ва летросет, декалькомания, темперли, экспозиция, проектор, модификация, имидж, логотип, фирма блоки, фирма услуби.

  1. График дизайннинг асоси нима?
  2. Ҳозирги замон технологияларининг график дизайнга қандай таъсири бор?
  3. График дизайн соҳасида энг истиқболлиси қайси?
  4. Графикали дизайннинг ишлаб чиқаришга қандай алоқаси бор?
  5. Фирма услубини яратишда графикали дизайннинг ўрни қандай аҳамиятга эга?
  6. Фоторепродукция нима?
  7. Шрифтларни ҳосил қилишда қандай ашёлардан фойдаланиш мумкин?

2 – М А В З У: ДИЗАЙН ОБЪЕКТЛАРИНИ ЛОЙИҲАЛАШТИРИШ ВА МОДЕЛЛАШТИРИШ УСТИДА ИШ ОЛИБ БОРИШ УСЛУБИЁТИ

Нарса ва предметларни, машина ва асбоб-ускуналарни яратиш жараёни кўп ҳолларда фан ва ишлаб чиқаришнинг ривожланиш даражасига, дизайнернинг шахсий фазилатларига, бажарилиш муддатларига қараб турлича амалга оширилиши мумкин. Ҳозирги пайтда лойиҳалаштириш муддатини қисқартирадиган усуллар жуда тез ривожланмоқда. Масалан, ҳажмли усул-яратилмоқчи бўлган буюмнинг макетини тузиш, турли мақсадларда қўлланиладиган буюмларни ададли ишлаб чиқариш учун асос-моделини яратиш, элементларни бирхиллаштириш, лойиҳавий муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш, бир бутун системали лойиҳалаштириш. Замонавий техника воситалари, айниқса компьютер технологияси жараённи аҳамиятли тарзда тезлаштирмоқда.

Қоидага кўра, буюмни яратиш жараёни қуйидаги босқичларда амалга оширилади: лойиҳа устида тадқиқот олиб бориш, бадиий-конструкторлик изланиш (дастлабки эскизларни яратиш) эскиз лойиҳа яратиш, лойиҳа-конструкторлик ҳужжатларини тузиш; тажриба учун намуна яратиш ва уни синаб кўриш.

Лойиҳалаш олди тадқиқот, яъни тайёргарлик босқичи-яратилаётган буюм турига тааллуқли маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш орқали амалга оширилади, унга қўйиладиган талаблар аниқланади. Бадиий-конструкторлик изланиш эскизли графика (форэскиз) ва макет ёрдамида бирламчи режаларни қайд этиш ва ишлаб чиқишда намоён бўлади. Эскизлаштириш жараёни буюмнинг принципиал чизмаларидан унинг қисмларига ва кейинчалик буюмни (ишлаб чиқаришни) умумий томонларига ўтилади. Энг дастлаб форэскизлар номаълум масштабларда бажарилади. Ўқув шароитида форэскизларни яратгунга қадар қоғозларда қалам билан ва рангли тарзда лойиҳа мавзусига оид қисқа муддатли топшириқ-клаузура амалга оширилади. Буюмнинг бир неча тасвирда ёки унинг келгуси кўринишида лойиҳачининг ўз олдига қўйган вазифани бажара олишдаги эмоционал-ижодий тайёргарлиги текширилади.

Кўзланаётган объект тўғрисида тўлиқ тасаввурни унинг макети бериши мумкин. У буюмнинг нима мақсадга қаратилганлигига, унинг ишлаш шарт-шароитларига мувофиқ тарзда буюмнинг шаклини, мутаносиблигини, катта-кичиклигини аниқлашга ёрдам беради. График тарзда топилган шаклдан ҳажмий томонга ўтилганда унинг барча ижобий ва салбий томонлари аниқ кўрсатилади, бу эса лойиҳани келгусида яхшиланишига олиб келади. Эскизлар асосида ясаладиган макетлар жуда кичкина кўринишда шартли материаллардан тайёрланади: қоғоз, картон, ёғоч, пенопласт, пластилин, гипс ва бошқа шунга ўхшаган.

Буюмнинг барча хусусиятларини ойдинлаштирадиган охирги қарор эскизли лойиҳаларда акс эттирилади. Қоидага кўра, у графикали қисмлардан (бир неча планшетларда акс эттирилган буюмнинг турли кўринишлари, унинг истиқболдаги тасвири), макетдан, чизмалардан ва тушунтириш хатларидан ташкил топади. Бош планшетдаги буюмнинг кўриниши унинг ўлчовлари, ранги ва фактураси (ўзига хослиги) тўғрисида аниқ тасаввур бера олади. Агарда имконият бўлса, буюм кесимига ҳам тайёрланади. Оққа кўчирилган эскиз лойиҳаси одатда буюм устида ишни давом эттириш учун бошқа мутахассисларга берилади.

Дизайн объектларини лойиҳалаштириш услубиётининг ўзига хос томонларини болалар майдончаси лойиҳасини яратиш мисолида кўриб чиқайлик.

Ҳовлининг очиқ жойини болалар майдончасига айлантиришга киришишдан олдин асосий вазифани аниқлаш зарур ва ундан кейин вазифани амалга ошириш учун кетма-кетликни белгилаш лозим.

Болаларнинг нималарга бўлган талаб-эҳтиёжларини қондириш керак бўлади? Бунинг учун қандай зоналар танлаб олиш зарур? Табиийки болаларнинг ҳаракатли ўйинлари учун майдончаларни олдиндан танлаб билиш керак. Арғимчоқлар, паст-баланд тоғчалар, зинапоялар, қум ўйнайдиган жойлар шулар жумласига киради. Булар б

Болалар майдончаси. Талабалик иши ири иккинчисига ҳалақит бермайдиган қилиб оқилона режалаштирилса, мақсадга муофиқ иш бўлади.

Зоналар (майдончалар) бир-биридан ўсимликлар ёрдамида ажратиб ҳосил қилинади, ўсимликлар турлича бўлиши мумкин: қирқилиб шаклга келтирилган ёки бир неча дарахтлар тўпламидан иборат бўлиши ҳам мумкин. Майдончалар йўлакчалар, ўтирадиган курсилар ёки сув ҳавзалари (майда тошлардан суваб ҳосил қилинган бассейнлар, кичкина фавворалар, ариқчалар) билан ажралиб туриши лозим. Баъзида текис жойлар сунъий тарзда мураккаблаштирилади: тупроқ тўкилиб баланд тепалик ва баландлик ҳосил қилинади. Албатта, у ерда бор бўлган нарсалардан фойдаланишни билиш керак, ва энг аввало шу ернинг ландшафт шарт-шароитларини ҳисобга олиш зарур бўлади. Баъзида озгина ўзгартириш киритилса, майдончага такрорланмас гўзаллик касб этиш мумкин. Табиий муҳитнинг тарбиявий аҳамияти барча томонидан эътироф этилади, ўйнайдиган майдончалар эса муҳитни ўзгартириши ва тўлдириб туриши мумкин. Очиқ ҳавода болалар асосий вақтларини ўтказишлари-ўйинларнинг бир неча турида амалга ошиши мумкин: спорт турига хос ўйинлар (улар учун баланд-пастликлар, тепаликлар, тоғчалар, керак бўлади) лойиҳалаштириш туридаги ўйинлар (ажратиш ва йиғиш, содда қурилмалар қуриш керак бўлади). Кейин эса бу ўйинлар учун қандай қурилмаларни лойиҳалаштириш зарурлиги устида бош қотирилади.

Столли конструкторлик ўйинлари учун столлар ва курсилар, моторли ўйинлар (велосипед ҳайдаш, ролик учиш) учун эса-майдончалар ва йўлаклар зарур бўлади. Ҳар қандай тамошали ўйинларни ўтказиш учун эса жуда катта майдон керак бўлади.

Қум ўйнаш учун ҳосил қилинадиган жойлар-болалар учун энг севиб ўйнайдиган жойдир. Қум- бу ўзига хос «конструктор». Ундан болалар уйлар қуришади, турли шаклларни ясашади ва ҳакозо.

Қум қутичалардан ташқари турли хил арғимчоқлар, ошиб тушадиган тепаликлар, темирдан ясалган конструкциялар, махсус деворчалар ва лабиринтлар тузатиш зарур бўлади. Шу жойларнинг ўзида соябонлар бўлиши ҳам кўзда тутилиши керак.

Буларнинг барчаси болалар хурсанд бўлишлари учун уларнинг кўзини қувонтирадиган очиқ рангларга бўялади. Болалар шаҳарчасини рангли безатиш кўзга ташланадиган қилиб ҳам, ёки сезилмайдиган қилиб ҳам амалга оширилиши мумкин, бунда бир ҳолатда рангларга урғу бериш орқали бўлса, бошқа бир ҳолатда материалнинг чиройли кўринишига ва таркибий тузилишига (фактура ва текстурасига) эътибор берилади.

Ҳозирги вақтда фойдаланишга тайёр, стандарт материаллардан қилинган ва уни ўрнатиш осон бўладиган ва болаларни мустақилликка ўргатадиган лойиҳалар яратиш анъанага айланиб бормоқда. Бу борада Тошкент шаҳрида ва вилоят марказларида болалар учун очилган аквапарклар ва турли кўринишлардаги болалар майдончаларини айтиш мумкин. Болалар майдончаларини яратишда унинг элементлари турли-туман бўлиши керак, чунки улар болаларни ўйинга чорлаб туради ва албатта етарли даражада кенглик бўлиши зарур.

Болалар майдончалари ўзларининг кўринишлари билан эстетик ҳис-туйғуларни шакллантиради ва уларни тарбиялайди. Шунинг учун турли услуб ва шаклларда, масалан, космик, денгиз, флора ва фауна мавзуларига бағишлаб безатилган майдончалар яратилса, улар замонавий эҳтиёжларни қондириш йўлида хизмат қилган бўларди.

Шундай қилиб, лойиҳани мазмунини аниқлагандан кейин, кўп сонли эскизларни ва қисқа муддатли топшириқ-клаузурани бажариб, бевосита эскизли лойиҳалаштиришга, материалнинг ўзига хослигини (фактурасини) кўрсатадиган бадиий воситаларни излашга киришилади. Кейинроқ эса болалар майдончасининг моделини унинг ҳажмли-пластик ўлчовларини кўрсатиш учун картон қоғоздан ёки пенопластдон ясалади. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳар қандай буюмни лойиҳалаштириш юқоридаги кетма-кетликда амалга оширилади ва албатта бугунги кунимизда дизайнерга лойиҳалаштириш жараёнини енгиллатиш воситаси-компьютерлардан фойдаланиш жуда катта ёрдам беради.

ТАЯНЧ ТУШУНЧАЛАР:

Эскиз, форэскиз, клаузура, планшет, зоналар-майдонча, макет, модел, ландшафт, табиий муҳит, ҳаракатли ўйинлар, столли конструкторлик ўйинлари, конструктор, аквапарк.

  1. Дизайн объектларини лойиҳалаштириш жараёни нималарга боғлиқ?
  2. Буюмни яратиш жараёни қандай босқичларни ўз ичига олади?
  3. Форэскиз нима?
  4. Клаузура қандай топшириқ?
  5. Болалар майдончаларини лойиҳалаштириш ва ҳосил қилишдан мақсад нима?
  6. Ҳозирги замон техника воситаларининг лойиҳалашти

КОНСТРУКТОР-РАССОМ (ДИЗАЙНЕР) КАСБИГА ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР

Лавозим бурчлари: Ишлаб чиқариш ва маиший турмушга мўлжалланган нарса, буюм (ёхуд мажмуа)ларнинг бадиий-конструкторлик лойиҳаларини ишлаб чиқади, уларнинг юксак даражага эга бўлган истеъмол хусусиятларига ва эстетик сифатларга эгалигини, иқтисодий-техник талабларга ва ишлаб чиқаришнинг илғор технологияларга мослигини таъминлайди, бадиий конструкторлашнинг турли босқичларида зарур бўладиган патентлик ва бошқа илмий-техник ахборотларни танлаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади. Лойиҳалаштирилаётган буюмларга буюртмачилар томонидан қўйиладиган талабларни, шу буюмларни тайёрлашга киришган корхонанинг техник имкониятларини ўрганади.

Бир-бирига ўхшаш бўлган маҳаллий ва чет эл маҳсулотларини қиёсий таҳлил қилади, уларнинг эстетик даражасини аниқлайди ва баҳолайди. Бадиий-конструкторлик масалаларини ҳал қилиш билан боғлиқ бўлган, ҳар бир боосқичда бажариладиган ва илмий-тадқиқот йўналишларида, шунингдек экспериментал ишларда, лойиҳалашнинг техникавий вазифаларини аниқлашда ва уларни буюртмачиларнинг ҳоҳишларини инобатга олган ҳолда бадиий-конструкторлик таклифларини ишлаб чиқишда иштирок этади.

Буюмларнинг шакл-шамойилларини, ҳажмли-фазоли ва графикали лойиҳаларини, конструкторлик-пардозловчи материалларни ва ташқи безатиш қисмларини энг маъқул йўлларини топишда изланишлар олиб боради, таклиф этилган конструкция бўйича иқтисодий ҳисоб-китоб учун маъумотларни тўплайди, таркибий қисмлар ва тузилмалар устида қарорлар ишлаб чиқади. Лойиҳалаштирилаётган маҳсулотга зарурий техникавий ҳужжатларни (умумий кўриниши ва тузилиши, макетлаштириш учун эскиз ва ишчи чизмалар, кўргазмали суратлар, эргономик рангли-график чизмалар, моделларнинг ишчи лойиҳалари) тайёрлайди, лойиҳаларни тушунтириш ишларини олиб боришда, уларни кўриб чиқиш ва ҳимоя қилишда иштирок этади. Йўналтирувчи ҳужжатлар ичида лойиҳалаштириш билан боғлиқ бўлган ишларни, лойиҳалаштирилаётган маҳсулотни ўраш ва реклама (кўз-кўз) қилиш бўйича ишларни ҳам амалга оширади.

Бадиий конструкторлаштириш соҳасида стандартлаштириш ишларини олиб бориш учун материаллар тайёрлайди. Маҳсулот ишчи чизмалари билан бадиий-конструкторлик лойиҳаларини технологик таъминланганликнинг ўзаро мослигини, айниқса конструкциянинг ташқи кўринишига ва ишлатишдаги қулайлигига таъсир этувчи қисмларни ва боғлиқликларини назорат қилади, шунингдек лойиҳалаштиришда, ишлаб чиқаришда, синовларда ва маҳсулотни тажрибадан ўтказишда, ҳамда оммавий тарзда ишлаб чиқариш учун техник ҳужжатларни тайёрлашда бадиий-клнструкторлик қарорларини бажарилиши бўйича авторлик назорати ўрнатади, керак бўлса унга зарурий ўзгартиришлар киритади. Саноат молларига бўлган талабларни расмийлаштиришда, лойиҳаларни бадиий-конструкторлик экспертизаларидан ўтказиш учун материаллар тайёрлашда ва қайта ҳосил қилинган маҳсулотларни сифат кўрсаткичлари бўйича аттестацияга тақдим этишда иштирок этади. Ўз амалий фаолиятида қўллаш мақсадида бадиий-конструкторлик соҳасидаги маҳаллий ва чет эллар илғор тажрибаларини ўрганиб чиқади. Ишлаб чиқилажак маҳсулот конструкциясига тааллуқли рационализаторлик таклиф ва кашфиётларга тақриз ва хулосалар, стандарт лойиҳалар, техник шарт-шароитлар ва бадиий лойиҳалаштиришнинг бошқа норматив(меъёрий) ҳужжатларни тайёрлайди. Амалга оширилган лойиҳалар картотекасини тузади, қўлланилаётган материаллардан намуналар олиб боради. Тугалланган бадиий-конструкторлик қурилмаларига ҳужжатларни расмийлаштиради, бажарилган ишлар натижалари тўғрисида ҳисоботлар тайёрлайди.

Билиши лозим:

Юқори ташкилотлар томонидан қабул қилинган буйруқлар, қарорлар ва йўл-йўриқларни; бадиий лойиҳалаштириш ва саноат намуналарини ҳуқуқий ҳимоялаш бўйича бошқарув, услубий ва меъёрий ҳужжатларни; корхоналарнинг техникавий ривожланиш истиқболларини; лойиҳалаштириладиган маҳсулотларни такомиллашувга мойиллигини; эргономика ва техник-эстетикани; бадиий лойиҳалаштириш ва бадиий график ишлар услубларини; соҳада амал қилаётган ишлаб чиқариш технологияси; ишлаш принциплари, монтаж шарт-шароитлари ва ишланган маҳсулотларни техник эксплуатацияси ва бадиий лойиҳалаштиришга тааллуқли техник шарт-шароитларни, корхонадаги стандартларни; конструкторлик ҳужжатларининг бир бутун ягона тизимини; технология ҳужжатларнинг бир бутун ягона тизимини; бадиий-лойиҳалаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва расмийлаштиришга қўйиладиган талабларни ; лойиҳалаштирилган конструкцияларда қўлланиладиган материалларнинг техник тафсилотлари ва хусусиятларини; маҳсулотни лойиҳалаштириш жараёнида ҳисобга олиш зарур бўлган асосий талабларни (бошқарилиш, техник-конструкторлик, эргономик, эстетик ва бошқа талаблар); бадиий лойиҳалаштиришда техник ҳисоб-китоблар ўтказиш услубларини; стандартлаштириш ва патентлаштириш асосларини; маҳсулотларни бадиий-конструкторлик экспертизасидан ўтказиш тартибларини; уларнинг сифатларини эстетик баҳолаш мезонларини; саноат маҳсулотлари сифат бўйича аттестациядн ўтказиш тартибларини; лойиҳалаштиришда қўлланиладиган техник воситаларни; саноат молларига талабномалар расмийлаштириш тартибларини; бадиий лойиҳалаштиришнинг маҳаллий ва чет эл илғор тажрибаларини; иқтисодиёт асосларини; ишлаб чиқаришни, меҳнат ва бошқарувни ташкил этишни; меҳнат тўғрисидаги қонунчилик асосларини; меҳнатни муҳофаза қилиш, техник хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси(тозалиги) ва ёнғинга қарши ҳимоя ҳақидаги қонун-қоидаларни билиш зарурий ҳисобланади.

РАССОМЧИЛИК КАСБИГА ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР

Лавозим бурчлари:

Ўзи фаолият олиб бораётган жамоада, корхонада техник эстетикани жорий этиш бўйича меҳнат унумдорлигини, унинг жозибадорлигини ва самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар билан шуғулланади. Корхоналарни бадиий-конструкторлик асосида қайта жиҳозлаш ва турар-жой қурилиши лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади. Ишлаб чиқариш, хизматкорлик ва маданий-маиший бинолар қурилишида ва уларни қайта жиҳозлашда эстетик талабларга риоя этилиши устидан, саноат интерьерларининг тўғри қабул қилинишидан, ишлаб чиқариш, хизматкорлик, санитар-маиший хоналарни, дам олиш ва овқатланиш жойларини, у ерларда мебель жиҳозлари ва инвентарларнинг жойлаштирилиши, хоналарни ва ишлаш жойларини етарли ёруғлик билан таъминланганлигини назорат қилади. Ишлаб чиқариш хусусиятларига ва меҳнат турига қараб, ишчи кийимларни (униформа) танлаш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқади. Ишлаб чиқариш, хизматкорлик ва маданий-маиший биноларни қурилишида ва уларни қайта жиҳозлашда эстетик талабларга риоя этилиши устидан, саноат интерьерларининг тўғри қабул қилинишидан, ишлаб чиқариш, хизматкорлик, санитар маиший хоналарни, дам олиш ва овқатланиш жойларини, у ерларда мебель жиҳозлари ва инвентарларнинг жойлаштирилиши, хоналарни ва ишлаш жойларини етарли ёруғлик билан таъминланганлигини назорат қилади. Ишлаб чиқариш хусусиятларига ва меҳнат турига қараб, ишчи кийимларни (униформа) танлаш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқади. Ишлаб чиқариш, хизмат ва маданий – маиший биноларни замонавий мебель анжомлари, асбоб-ускуналар, оргтехника ва бошқа жиҳозлар билан тўлдиришда услубий ёрдам кўрсатади, шунингдек кўрсатмали агитация воситаларини ҳам тавсия этиб боради. Корхона ҳудудида ободончилик ва кўкаламзорлаштириш бўйича, бино фасадини, кираверишларини ва бошқа ерларини меъморий-бадиий безатиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқади. Кўрсатмали агитация, кўргазмалар, панно, плакат ва бошқа безатиш ишларининг тўғри олиб борилаётганлигини кузатиб боради.

Билиши лозим:

Юқори ташкилотлар томонидан қабул қилинган буйруқлар, қарорлар ва йўл-йўриқларни; меҳнатни ташкил этиш бўйича услубий, норматив ва бошқарув материалларини, ишлаб чиқариш эстетикасини, ишлаб чиқариш технологиялари асосларини; ишлаб чиқариш эстетикасини жорий этиш бўйича маҳаллий ва чет эл илғор тажрибаларини; иқтисодиёт асосларини, ишлаб чиқаришни ва меҳнатни илмий ташкил этишни; меҳнат тўғрисидаги қонунчилик асосларини; меҳнатни муҳофаза қилиш, техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси (тозалиги) ва ёнғинга қарши ҳимоя ҳақидаги қонун-қоидаларни билиши зарурий ҳисобланади.

📎📎📎📎📎📎📎📎📎📎