Россияда бир кунда икки киши Украина жосуси сифатида гумонланиб қўлга олинди
Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФХХ 25 март куни Москвада Украина фуқароси қўлга олингани тўғрисида маълум қилди.
Новости агентлигининг ёзишича, ФХХ қўлга олинган Рудась А.В., Украина ва Польша фуқаролигига эга эканини, у Москвада “Малиш” тахаллуси билан фаолият юритганини иддао қилган.
Расмий хабарда қайд этилишича, 2019 йилда Москвадаги нуфузли олийгоҳлардан бирига ўқишга кирган мазкур шахс Украина Хавфсизлик хизмати кўрсатмаси асосида “украин ҳукуматига танқидий муносабатда бўлган” сиёсатчилар ва журналистлар тўғрисида маълумот тўплаган.
ФХХ “жосус Украинадаги махсус ҳарбий операцияда иштирок этаётган рус ҳарбийлари тўғрисида маълумот олишга уринган вақтда” қўлга тушганини ҳам иддао қилмоқда.
ФХХ 25 март куни Хабаровскда ҳам “Украина фойдасига жосуслик қилган шахс” ушлангани ҳақида баёнот берди.Унга қарши “давлатга хиёнат” айблови билан жиноят иши қўзғатилди.
ФХХнинг билдиришича, қўлга олинган шахс гўёки “ўз хизмат ваколатлари доирасида” махфий маълумотлар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлган. У гўёки интернет тармоғи орқали ўз исмини яширган тарзда “Украина махсус хизматларига муайян миқдордаги пул эвазига махфий маълумотларни етказиб бериш” хизматини таклиф қилган.
“Бу махфий маълумотлардан Россия миллий хавфсизлигига зарар етказиш мақсадида фойдаланиш эҳтимоли мавжуд”,- дейилади ФХХ баёнотида. Аммо бу қандай маълумотлар экани тўғрисида изоҳ берилмаган.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, сўнгги 20 йилда Россияда “давлатга хиёнат” ва жосусликда айбланган камида юз киши қамалди.
Жириновскийнинг ўлгани тўғрисидаги хабар рад этилди
Россия давлат думаси спикери Вячеслав Володин маҳаллий нашрларда сиёсатчи Владимир Жириновский ўлгани тўғрисида тарқатилган хабарлар асоссиз эканини билдирди.
ТАССнинг хабар беришича, Володин 25 март куни 75 ёшли Жириновский тириклигини, аммо оғир аҳволда Москва касалхонасида қолаётганини айтди.
Жириновский февраль бошида COVID-19 ва пневмония ташхислари билан касалхонага ётқизилган эди.
«Жириновскийнинг аҳволи барқарор оғир бўлиб қолмоқда, врачлар унга барча имкониятларни ишга солган ҳолда тиббий хизмат кўрсатяпти»,-дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотда.
Жириновский раҳбарлигидаги Либерал-демократик партия ҳам ўз асосчиси вафот этгани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.
Аввалроқ Россия ҳукуматига қарашли РИА «Новости» агентлиги Жириновский вафот этгани тўғрисида хабар қилганди. Бу хабарни тарқатишда агентлик сенатор Александр Пронюшкиннинг сўзларига таянган. Пронюшкин Telegram каналида Жириновский 25 март куни Москва вақти билан 10:45да ўлгани ҳақида ёзган.
Жириновский Давлат думасига 8 та чақириқда депутат бўлган, у олти марта Россия президентлигига ўз номзодини кўрсатган.
Жириновский миллатчилик ва аксиламерика руҳидаги чиқишлари билан танилган. Россия ҳукумати босими остида ёпилган “Проект” нашри 2019 йилда журнилистик суриштирув ўтказиб, Либерал-демократик партиядан лавозимга номзоди кўрсатилаётган шахсларнинг учдан бир қисми Жириновскийга ҳақ тўлаши ҳақида ёзган. Мазкур журналистик суриштирувда Жириновскийнинг сиёсий майдонга чиқиши махсус хизматлар билан боғлиқлиги айтилган, бироқ бу борада далил-исбот келтирилмаган.
БМТ Бош ассамблеяси яна бир бор Москвадан Украинадаги урушни тўхтатишни талаб қилди
БМТ Бош ассамблеяси Украинадаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш ҳамда бу мамлакатдаги урушни зудлик билан тўхтатиш талаби билан резолюция қабул қилди.
Бош ассамблея томонидан 24 март куни маъқулланган ҳужжат юридик жиҳатдан мажбурий кучга эга эмас ва тавсиявий характерга эга, холос.
Мазкур резолюцияни БМТга аъзо 193 давлатдан 140 таси дастаклади. Россиядан ташқари яна тўрт давлат – Сурия, Беларусь, Шимолий Корея ва Эритрея резолюцияга қарши овоз беришди, 38 та давлат эса овоз беришдан тийилди.
Резолюцияда Россиядан Украинага қарши душманона ҳаракатларни, шу жумладан тинч аҳолига қарши ҳужумларни зудлик билан тўхтатиш талаб қилинган. Ҳужжатда тинч фуқаролар, тиббиёт ходимлари, гуманитар ташкилотлар вакиллари ва журналистларни ҳимоя қилиш зарурлиги уқтирилган.
Унда бир ой муқаддам Украинага ҳарбий босқин бошлаш билан “даҳшатли” гуманитар ҳолатни юзага келтирган Россия кескин танқид қилинган.
Март ойи бошида Бош ассамблея томонидан маъқулланган шу каби резолюцияда ҳам Россиядан Украинада куч қўллашни тўхтатиш талаб қилинган эди. Ўшанда ҳужжатни БМТга аъзо давлатлардан 141 таси дастаклаган, кечаги резолюцияга қарши чиққан мамлакатлар эса ўша пайтда ҳам унга қарши овоз беришган.
Украина ва Ғарб мамлакатлари Москвани тинч аҳоли вакилларига қарши ҳамда касалхона ва бомбадан сақланадиган жойларга палапартиш зарбалар бераётганликда айблаб келмоқда. Москва эса бу айбловларни рад этиб келяпти.
АҚШ президенти: Путин Ғарб Киевни ҳимоя қилишда қатъий бўлишини тушуниб етмади
НАТО, ЕИ ва G7 саммитларида иштирок этиш учун 24 март куни Брюсселга келган АҚШ президенти Жо Байден журналистлар билан қилган мулоқоти чоғида Россия президенти Владимир Путин Украинага ҳужум қилиш арафасида Ғарб Киевни қатъий ҳимоя қилишини тушуниб етмагани аён бўлгани ҳақида гапирди.
Байденга кўра, Путин Украинага ҳужум қилса, Ғарб давлатлари Украина армиясини қўллаб-қувватлашда якдил ҳаракат қилишларини англай олмаган.
Байден Россиянинг Украинага уруш қилгани ортидан НАТО, Европа Иттифоқи ва Катта еттилик давлатлари ўртасидаги ўзаро бирдамлик ва якдиллик янада мустаҳкамланганини билдирди.
Бельгия пойтахти Брюсселда 24 март куни мазкур уч ташкилотга аъзо давлатлар лидерларининг саммити бўлиб ўтди.
НАТО саммитида ташкилот аъзолари Украинага тинчликпарвар кучларни киритмаслигини эълон қилди. Бу ҳолат НАТОнинг Россия билан урушга кирмоқчи эмаслигини англатиши таъкидланди.
Айни пайтда НАТО лидерлари Украинага қўшимча ёрдам бериш, Россияга қарши қўшимча санкциялар киритиш ва иттифоқ мудофаасини кучайтиришда давом этади.
НАТО Пекиндан Россияга ёрдам беришдан тийилишни сўрайди.
Украинада ҳалок бўлган қирғиз йигитининг жасади ватанига олиб келинди
Россия армияси сафида Украинадаги урушга жалб қилинган 19 ёшли қирғизистонлик йигитнинг жасади ватанига олиб келингани тўғрисида Озодлик радиоси қирғиз хизмати 24 март куни хабар берди.
Ҳозирча марҳумнинг яқинлари журналистларга тўлиқ маълумот бермади. Хабарда айтилишича, Украинада ҳалок бўлган Эгемберди Дорбаев Россия Қуролли кучлари сафида шартнома асосида хизмат қилган.
Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси Эгемберди Дорбаев Иссиқкўл вилоятининг Қараўй қишлоғида туғилганини 22 март куни билдирган эди.
Дорбаевнинг қариндошлари унинг Украинада ҳалок бўлгани тўғрисида 16 март куни хабардор бўлган. Россиянинг бир қатор нашрлари эса Дорбаев 8 март куни ҳалок бўлганини ёзган.
22 март куни Озодлик радиоси тожик хизмати Украинадаги урушда Россия армияси сафида хизмат қилган камида тўрт тожикистонликдан икки нафарининг жасади ватанида дафн этилгани тўғрисида хабар берган эди.
Дафн этилганлар Сўғд вилоятида туғилган 50 ёшдаги Саидакбар Саидов ва 38 ёшдаги Рамазон Муртазоев экани маълум қилинди. Марҳумларнинг яқинлари журналистларга улар тўғрисида тўлиқроқ маълумот беришдан бош тортишган.
Марказий Осиё давлатларининг миллионлаб ватандошлари Россияда меҳнат қилади, уларнинг айримлари Россия фуқаролигини қабул қилган.
Россия Украинага 24 февраль куни бостириб кирган эди. Уруш шу кунгача давом этмоқда.
Renault ширкати Москвадаги заводи фаолиятини тўхтатди
Франциянинг Renault автомобилсозлик ширкати Москвадаги заводи фаолиятини вақтинча тўхтатди. Renault Group сайтида маълум қилинишича, директорлар кенгаши “Россияга нисбатан жорий этилган халқаро санкцияларга риоя қилиш заруратидан келиб чиққан ҳолда” шундай қарор қабул қилган.
Москвадаги Renault заводи 28 февраль куни ишлаб чиқаришни тўхтатиб, 21 мартда қайтадан фаолиятини бошлаган эди.
23 март куни Украина президенти Владимир Зеленский Франция парламентига мурожаат қилиб, француз ширкатлари, жумладан, Renault’ни Россия бозорини тарк этишга чақирган.
Москвадаги Renault заводи 2005 йилда очилган бўлиб, унда Renault Kaptur, Renault Arkana ҳамда Dacia Duster каби моделлар ишлаб чиқарилади.
Расмий баёнотда шуъба корхоналари фаолиятини тўхтатиш ҳақида ҳозирча ҳеч нима дейилмаган. Renault Россиянинг “АвтоВАЗ” АЖ акцияларининг 68 фоизига эгалик қилади. Ширкат Россия ҳудудидаги 45 минг ходим олдида жавобгарлигини билдирган.
Украинада уруш бошланганидан сўнг Ғарбнинг аксар автоширкатлари Россияга автомобил етказиб беришни ҳамда мамлакат ҳудудидаги корхоналари фаолиятини тўхтатган.
АҚШ Россияни Украина ҳудудида ҳарбий жиноятлар содир этганликда айблади
Қўшма Штатлар Украинага бостириб кирган Россия қўшинлари ҳарбий жиноятларни содир этгани ҳақида илк бор баёнот берди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен номидан 23 март куни ёйинланган баёнотда Россия қўшинларининг “мўлжалсиз зарбалари ва тинч аҳолига қаратилган ҳужумлари, шунингдек бошқа жиноятларига доир ишончга лойиқ кўплаб хабарлар мавжуд”лиги айтилган.
Баёнотга кўра, Россия қўшинлари турар-жой бинолари ва касалхоналарни, мактаблар, савдо марказлари ва тез ёрдам машиналарини яксон қилган, бунинг натижасида минглаб тинч аҳоли нобуд бўлган ва яраланган.
АҚШнинг халқаро одил судлов масалалари бўйича махсус вакили Бет ван Шаак Қўшма Штатлар Украина ҳудудидаги муҳтамал ҳарбий жиноятларга доир маълумотларни йиғаётгани ва ушбу маълумотлар халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларга тақдим этилишини урғулаган.
“Шахсий жавобгарлик бўйича якуний қарор судлар томонидан қабул қилинади”, деган Бет ван Шаак. Унинг қайдича, халқаро ҳуқуқ ва турли мамлакатлар қонунчилигига мувофиқ, содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик олий қўмондонликдаги одамлар зиммасига юклатилиши мумкин.
Ҳарбий жиноятлар, геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар билан боғлиқ ишларни кўриш учун махсус ташкил этилган Ҳаага Халқаро жиноят суди юрисдикциясини АҚШ ҳам, Россия ҳам тан олмайди. Бироқ, экспертлар фикрича, Россия расмийлари Испания ва Германия судларида жиноий таъқиб объекти бўлишлари мумкин, чунки ушбу мамлакатлар қонунчилигида бу каби жиноятлар учун, улар қаерда содир этилганидан қатъи назар, жазолаш назарда тутилган.
Америка судлари бошқа мамлакатларда содир бўлган ҳарбий жиноятларни, мазкур жиноятларда АҚШ фуқаролари қурбон бўлган тақдирдагина кўриши мумкин. 23 март куни АҚШ Конгресси аъзолари бош прокурор Меррик Гарлендни Украинада АҚШ фуқаролари бўлган икки журналистнинг ҳалок бўлгани факти бўйича тергов бошлашга чақиришган.
Роскомнадзор Россия ҳудудида Google.News янгиликлар хизматини блоклаб қўйди
Роскомнадзор “Украинада олиб борилаётган махсус амалиётга доир фейклар” важидан Россия ҳудудида Google News (Google Янгиликлар) интернет хизматига киришни чеклади.
“Россия Бош прокуратураси талабига биноан мамлакат ҳудудида News.Google интернет хизматига кириш чекланди”, дейилган “Роскомнадзор” хабарномасида.
Идора “Американинг ушбу янгиликлар хизмати Украина ҳудудида олиб борилаётган махсус ҳарбий амалиёт ҳақида ишончсиз маълумот берувчи кўплаб мақола ва материаллар тарқалишига йўл очган”ини иддао қилмоқда.
Россия президенти Владимир Путин 4 март куни “Россия армиясига доир фейклар”га оид қонунни имзолаган.
Ушбу қонунни бузган фуқаролар 5 миллион рублгача жарима ёки 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Фейк маълумотлар тарқатиш оғир оқибатларга олиб келган ҳолларда 10 йилдан 15 йилгача қамоқ муддати белгиланиши мумкин.
Шунингдек, Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга ҳам ўзгартишлар киритилган. “Россия армиясини обрўсизлантиришга қаратилган оммавий хатти-ҳаракатлар”га доир янги моддада (мазкур кодекснинг 20.3.3-моддаси) фуқаролар учун 100 минг рублгача, мансабдор шахслар учун 300 минг рублгача ва юридик шахслар учун бир миллион рублгача жарима назарда тутилган.
Мазкур қонун қабул қилинганидан сўнг вужудга келган жиноий таъқиб хавфи важидан BBC рус хизмати Россиядаги фаолиятини вақтинча тўхтатган. “Новая газета” Россиянинг Украинага босқини ҳақидаги мақолаларини ўчиришини эълон қилган, The Bell нашри эса урушни ёритишни тўхтатган. Ҳарбий цензура ўрнатилиши ортидан камида 150 журналист Россияни тарк этишга мажбур бўлган.
АҚШ президенти НАТОдаги иттифоқчилар билан учрашиш учун Европага йўл олди
АҚШ президенти Жо Байден 23 март куни Европа сафарини бошлади. Байден у ерда НАТОдаги иттифоқчилар билан Россиянинг Украинага тажовузига жавоб бериш бўйича бундан буёнги ҳаракатларни муҳокама қилмоқчи.
Брюсселга етиб келган АҚШ президенти 24 март куни НАТОнинг ошиғич саммитида иштирок этади. Россия ҳужуми атрофидаги масалаларга бағишланган мазкус саммит иштирокчиларига Украина президенти Владимир Зеленский видеоалоқа орқали мурожаат қилиши кутилмоқда.
Байден қитъага сафари давомида “Катта еттилик” учрашуви ҳамда Европа Иттифоқи саммитида ҳам иштирок этади.
Жума куни АҚШ президенти Варшавага йўл олади. 26 март куни у Польша президенти Анжей Дуда билан учрашади. Томонлар Украинага ҳарбий ва гуманитар ёрдам масалаларини муҳокама қилишни режалаганлар.
Оқ уй қайдича, АҚШ президентининг Европага сафари асосий мақсадларидан бири Украина атрофидаги инқироз манзарасида европалик иттифоқчилар, НАТО мамлакатлари ҳамда “Катта еттилик”ка аъзо давлатлар ўртасидаги бирдамликни мустаҳкамлаш бўлиб ҳисобланади.
АҚШ тарихида илк аёл давлат котиби бўлган Мадлен Олбрайт вафот этди
Президент Билл Клинтон даврида давлат котиби бўлган Мадлен Олбрайт 85 ёшида вафот этди. Бу ҳақда 23 март куни ахборот агентликлари унинг оиласига таянган холда маълум қилди.
Мадлен Олбрайт 1997 йилда давлат котиби лавозимига тайинланган эди. У АҚШ тарихида мазкур лавозимга тайинланган илк аёл бўлди. У бу лавозимда 2001 йилгача ишлади.
Мадлен Олбрайт 1937 йилнинг 15 майида Чехия пойтахти Прагада туғилган. Аслида унинг ҳақиқий исми-шарифи Мария Яна Корбеловадир.
Унинг отаси Йозеф Корбел чех дипломати бўлган. Корбел оиласи 1939 йилда Чехияни оккупация қилган фашист босқинчиларидан қочиб Лондонга кўчиб ўтган. 1948 йилда оила АҚШга кўчган.
Мадлен Олбрайт сиёсий фаолиятини 1972 йилда АҚШ Демократик партияси фаоли сифатида бошлаган эди. Олбрайт давлат котиби лавозимига тайинлангунига қадар АҚШнинг БМТдаги элчиси бўлиб ишлаганди.
Украинада ҳалок бўлган камида 4 тожикистонликдан 2 нафари ватанида дафн этилди
Украинадаги урушда Россия армияси сафида хизмат қилган камида тўрт тожикистонликдан икки нафарининг жасади ватанида дафн этилгани тўғрисида Озодлик радиоси тожик хизмати 22 март куни хабар берди.
Дафн этилганлар Сўғд вилоятида туғилган 50 ёшдаги Саидакбар Саидов ва 38 ёшдаги Рамазон Муртазоев экани маълум қилинди. Марҳумларнинг яқинлари журналистларга улар тўғрисида тўлиқроқ маълумот беришдан бош тортишган.
Тожикистоннинг кўплаб фуқаролари Россияда меҳнат қилади, уларнинг айримлари Россия фуқаролигини қабул қилган.
Россия Украинага 24 февраль куни бостириб кирган эди. Уруш шу кунгача давом этмоқда.
Аввалроқ Озодлик радиоси қирғиз хизмати Ураинадаги жангларда Россия қўшини таркибида жанг қилаётган қирғизистонлик ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.
Иссиқкўл вилоятидан бўлган бу йигитнинг жасади 23 март куни туғилган қишлоғида дафн этилди. Хабарда таъкидланишича, Украинада ҳалок бўлган 19 ёшли қирғизистонлик Россия фуқаролигини олган ва у Россия армиясида муддатли хизмат ўтаётган эди.
Украина прокуратураси россиялик журналистлар Киселёв ва Скабеевага қарши жиноят иши очди
Украинада Россия давлат телеканалларининг бошловчилари ва таниқли пропагандачилар – Ольга Скабеева ҳамда Дмитрий Киселёвга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди. Улар “Бир гуруҳ шахслар билан, олдиндан тил бириктирган ҳолда Украина ҳудудий яхлитлигини бузишга чақириш”да гумонланмоқда. Украина Бош прокурори офиси хабарномасига кўра, бу чақириқлар “оғир оқибатларга олиб келган”.
Хабарномада, шунингдек, Скабеева ҳамда Киселёв Россиянинг ҳарбий жиноятларини муттасил оқлаб келганлиги айтилган.
“Ҳозирда тергов давом этмоқда, Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қасд қилган, ҳарбий ва бошқа турдаги жиноятлар содир этаётган, Россия агрессиясига алоқадор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш, уларни халқаро қидирувга бериш ва қаерда бўлишидан қатъи назар уларнинг активларини ҳибсга олишга қаратилган зарур тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилган хабарномада.
Скабеева ҳамда Киселёв ушбу жиноят ишлари юзасидан изоҳ беришганича йўқ.
Россия элчихонаси Украинадаги урушда Қирғизистонда туғилган йигит ҳалок бўлганини тасдиқлади
Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси ўз телеграм-каналида Қирғизистонда туғилган шахс Украинадаги урушда ҳалок бўлганини тасдиқлади.
“Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш бўйича махсус ҳарбий амалиёт чоғида Россия фуқароси, Қуролли кучларда шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар, Қирғизистонда туғилган Дорбоев Эгемберди Бекказимович қаҳрамонларча ҳалок бўлди”, дейилган хабарномада.
Россиянинг бир неча нашрида ёйинланган маълумотга кўра, Дорбоев 8 март куни ҳалок бўлган.
17 март куни ижтимоий тармоқларда Украинадаги урушда қирғизистонлик йигит ҳалок бўлгани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Фойдаланувчилардан бири унга таниш оиланинг 19 яшар ўғли Россия армиясида тўрт ой хизмат қилгани ҳақида ёзган.
Айтилишича, йигит 22 февраль куни яқинларига қўнғироқ қилган, 8 март куни эса унинг Россияда ишлайдиган онасига ўғли ҳалок бўлгани, жасад Кантдаги Россия ҳарбий базасига жўнатилишини билдиришган.
22 март куни марҳум Иссиқкўл вилоятида туғилиб, вояга етгани маълум бўлган. Бу ҳақда Қараўй қишлоқ ҳукумати раҳбари Эрлан Жумеков Озодликнинг қирғиз хизматига сўзлаб берган.
“Жасадни ҳали етказишмади. Кутяпмиз. Отаси шу ерда. Йигитча 2002 йилда туғилган, Россия фуқароси. Бошқа маълумот йўқ”, деган Жумеков.
"Биринчи канал" мухбири Жанна Агалакова ишдан бўшаш сабабларини очиқлади
Россия “Биринчи канали”нинг собиқ телебошловчиси ва Франциядаги ўз мухбири Жанна Агалакова Париждаги матбуот анжуманида Украинада уруш бошланганидан сўнг давлат телевидениесидан бўшашга қарор қилгани сабаблари ҳақида сўзлаб берди.
Агалакова Франция ҳукуматидан ҳам, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотидан ҳам ҳимоя сўрамаганини, айни пайтда кейинчалик ҳимояга муҳтож бўлишини истисно этмаслигини айтган, дея хабар қилди “Франция халқаро радиоси”.
“Ишимни давом эттирсамми, йўқми, дея иккиланмадим. Юз бераётган воқеаларни “тинчликпарварлик амалиёти” деб аташга тилим бормади. Бу – уруш. Бошқа нарса эмас”, дея урғулаган телебошловчи 3 март куни Биринчи каналдан бўшаш ҳақида ариза берганини қўшимча қилган.
Унинг айтишича, Биринчи каналнинг аксар ходимлари пропагандага қарши, лекин бу билан шуғулланмасалар “бўлмайди”, чунки “барчаси оилали ва бола-чақали, эҳтимол, қиммат дори-дармон билан даволанаётган кекса ота-онаси ва ипотека бўйича қарзлари бор – яъни, улар гаровда қолишгандек”.
14 март куни Биринчи канал муҳаррири Марина Овсянникова янгиликлар жонли ёйини вақтида “Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда” деб ёзилган плакат билан чиққан эди. Суд унга 30 минг рубль жарима солган. Бироқ Овсянникова Россиянинг чет элдаги ҳарбийлари ҳақида фейк маълумот тарқатишга доир янги моддага асосан жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин. Шунга қарамай, журналист Россиядан кетмоқчи эмас, гарчи “қаттиқ қўрқувда” бўлса-да.
Марина Овсянникова урушга қарши акциясидан сўнг берган интервьюсида кўплаб ҳамкасблари Россия федерал ОАВларидаги ишидан бўшаб кетаётганини айтган.
Песков: Россия ядро қуролидан ўзига нисбатан хатар туғилгандагина фойдаланиши мумкин
Россия ядровий қуролдан мамлакатнинг мавжудлигига таҳдид туғилганидагина фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков 22 март куни CNN телеканалига берган интервьюсида билдирди.
Ядро қуроли ҳақида гапирар экан, Песков амалдаги миллий хавфсизлик концепциясига таянган.
“У ерда сиз ядровий қуролдан фойдаланиш учун барча асослар ҳақида ўқишингиз мумкин. Агар бизнинг мамлакатимиз мавжудияти учун хатар туғилган тақдирда, концепцияга мувофиқ, ундан фойдаланилиши мумкин. Бунга қатор бошқа асослар ҳам бор, улар матнда санаб ўтилган”, деган Россия президентининг матбуот котиби.
Песковга кўра, “Украинадаги махсус ҳарбий амалиёт” (Россия расмийлари қўшни мамлакатга бостириб киришни шундай аташади) аввалда белгиланган вазифалар ва режаларга мувофиқ равишда олиб борилмоқда.
“Ҳеч ким аввал-бошдан махсус амалиёт икки кунгина вақт олади, деб ўйлаган эмас. Бу жиддий мақсадларга эга бўлган жиддий амалиётдир”, деган Песков.
АҚШ президенти Жо Байден аввалроқ Россия армиясининг Украинада қатъий муваффақиятларга эриша олмагани туфайли президент Владимир Путин “бурчакка тақалиб қолган”ини билдирган эди. Айни пайтда, Байден фикрича, Путин қанча “бурчакка тақалса”, шунча тажовузкор тактикани қўллаши мумкин.